41 ёшли Владимир Зеленскийнинг ғалабаси Украинанинг амалдаги президенти, украинларни миллий рамзлар атрофида бирлаштиришга уриниб, ўзини Россия агрессиясига қарши турувчи раҳнамо сифатида гавдалантирган Петро Порошенко учун жиддий зарба бўлди.
Марказий сайлов комиссияси сайлов бюллетенлари тўлиқ ҳисоблаб чиқилганидан кейин Зеленский 73,32 фоиз овоз билан ғолиб бўлганини расман эълон қилди.
Машҳур телесериалдаги ўйлаб топилган президент ролини ижро этган Зеленский қаршисида Ғарб ҳамда Қримни аннексия қилиб, шарқий ҳудудлардаги айирмачиларни қўллаб-қувватлаб келаётган Россия қарама-қаршилигидаги майдонга айланган мамлакатни бошқариш вазифаси турибди.
Сайловнинг илк натижаларидан кейиноқ ғолиблиги маълум бўлиб улгурган Зеленский ўз штабида тарафдорлари олдида чиқиш қилди ва украин халқини уялтириб қўймасликка ваъда берди: «Ҳозирча мен расман президент эмасман, аммо мен Украина фуқароси сифатида собиқ иттифоқ давлатларига айта оламанки, бизга қаранг - иложсиз ишнинг ўзи йўқ!».
Мағлубиятини тан олган Порошенко эса сиёсатдан кетмаслигини айтиб, Зеленский кучли мухолифат билан тўқнашишидан огоҳлантирди.
Порошенко ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Кремль Зеленскийнинг ғалабасини нишонлаётгани ҳақида ёзди.
«Улар ўйлашмоқдаки, янги тажрибасиз президент билан Украина тезлик билан Россия орбитасига қайтади», деди у.
«Тўла мавҳумлик»
Сиёсий истеблишмент билан алоқалари йўқ бўлган Зеленский Украина шарқидаги урушга, шунингдек, жамиятдаги коррупцияга барҳам беришни, нархлар ўсиши ва аҳоли турмуш тарзи ёмонлашишига чек қўйишни ваъда қилди.
Аммо у бунга қандай эришмоқчилиги номаълум. У инвесторларни ҳақиқатан ҳам мамлакатга хорижий инвестициялар жалб этилиши учун ислоҳотлар ўтказишига ишонтира олиши керак.
«Бизда бўлажак президентнинг иқтисодий сиёсатга қандай ёндашиши ҳақида тасаввурга эга эмасмиз, биз шунчаки бехабармиз ва бу ҳолат иқтисодий ҳамжамиятни ташвишлантиради.
Биз биринчи қарорларни, биринчи тайинловларни кутишимиз керак. Афтидан, июнгача ҳеч нарса аниқ бўлмайди, хатарлар катта. Балки, барчаси ўз ҳолида қолиши ҳам мумкин», дейди Киевдаги Dragon Capital инвестицион компанияси вакили бўлган Сергей Фурса.
Зеленский Ғарб билан алоқаларни мустаҳкамлашни давом эттиришга ваъда берган, аммо унинг бу борадаги баёнотлари 42 миллион кишилик мамлакат ЕИ ва НАТОга аъзо бўлишини бот-бот такрорлаган Порошенконинг сўзлари каби жарангдор эмас.
















