Жамият | 08:02 / 25.04.2019
73053
4 дақиқада ўқилади

Ички ишлар ходими фуқарога шапалоқ туширди. ИИВ расмий изоҳ билан чиқди

Ижтимоий тармоқларда “Қорақалпоғистонда ГАИ ходими ва ҳайдовчи ўртасида жанжал келиб чиқди” номи билан тарқатилган видеодаги ҳолат Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилди, деб хабар бермоқда Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси.

2019 йилнинг 21 апрель куни соат 16.30ларда Амударё тумани Манғит шаҳри Баркамол авлод кўчасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга жалб қилинган Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ЙПХ инспектори сафдор М.Танирбергенов хизмат олиб бораётган вақтида, шу кўчада йўл бўйига “Нексия” русумли такси автомашинаси келиб тўхтаган. Автомашина ичидан маст ҳолатда бўлган икки нафар йўловчилар М.М. ва А.М. тушиб, мазкур автомашина ҳайдовчиси билан кира ҳақи борасида ўзаро келишмасдан жанжаллашиб қолиб, маст ҳолатдаги йўловчилардан бири автомашинанинг орқа ўнг эшик ойнасини синдириб юборган.

Шу ерда хизмат олиб бораётган сафдор М.Танирбергенов мазкур жанжал ҳақида Амударё туман ИИБ навбатчилик қисмига тезкор гуруҳ юборишини сўраб хабар берган ҳамда ўзи ушбу жанжаллашаётган фуқароларнинг ёнига тинчлантириш мақсадида бориб, уларни ажратаётганида, маст ҳолатдаги йўловчи М.М. “Нексия” русумли автомашинанинг чап томон орқа эшигини жаҳл билан қаттиқ ёпиб юборгани натижасида, сафдор М.Танирбергеновнинг ўнг қўл бармоқлари қаттиқ қисилган. Бунинг натижасида сафдор М.Танирбергенов оғриққа чидамасдан маст ҳолатдаги йўловчи М.М.нинг юзига шапалоқ билан бир марта уриб юборган, дейилади хабарда.

Билдирилишича, сафдор М.Танирбергенов олган жароҳати юзасидан Амударё тумани тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган ва “ўнг қўл 4-бармоғи тирналиб кесилган” жароҳати олганлиги тўғрисида маълумотнома расмийлаштирилган. Сафдор М.Танирбергенов шу куни юқоридаги автомашинага етказилган зарар, ўзининг олган жароҳати ҳамда содир бўлган ҳолат юзасидан ўз раҳбарияти номига билдирги билан мурожаат қилган ва мазкур билдирги туман ИИБда рўйхатдан ўтказилган. 2019 йил 21 апрель куни автомашина ҳайдовчиси Амударё тумани ИИБ бошлиғи номига юқоридаги ҳолатлар юзасидан ариза билан мурожаат қилиб, унда фуқаролар М.М. ва А.М.га нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.

Фуқаролар М.М. ва А.М.ни спиртли ичимлик истеъмол қилганликлари бўйича маълумотнома олиниб, улар жамоат жойларида спиртли ичимлик ичиб шовқин чиқарганликлари учун ушлаб туриш баённомаси расмийлаштирилиб, Амударё тумани ИИБ ҳушёрхонасига жойлаштирилган.

Сафдор М.Танирбергеновни фуқаро М.М.нинг юзига шапалоқ ургани ҳолати бўйича хизмат текшируви ўтказилиб, натижага кўра уни лавозимдан озод этиш юзасидан таклиф киритилган. Кечиримлилик, инсонийлик ва каттага ҳурмат нуқтаи назаридан сафдор М.Танирбергенов фуқаро М.М.нинг хонадонига бориб, ундан кечирим сўраб, ўзаро ярашганлар, дейилади ИИВ маълумотида.

Мавзуга оид