Таиланд пойтахтида ўтаётган бокс бўйича Осиё чемпионатида эркаклар ўртасидаги ярим финал баҳслари якунланди. Унда Ўзбекистон терма жамоасининг ушбу босқичга етиб келган 6 вакилидан 5 нафари финалга чиқди.

Image
Шукуржон Раҳимов / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси

Кечки дастур жангларини ўзбекистонлик боксчилардан Шукуржон Раҳимов бошлаб берди. Раҳимов, қолган беш жамоадошидан фарқли равишда, рейтинги ўзидан анчагина баланд бўлган жиддий рақиб – мўғулистонлик Тсендбаатар Ерденебатгага қарши рингга чиқди. Ерденебатга сўнгги Осиё ўйинларида Шунқор Абдурасуловни мағлуб этиб, чемпионликни қўлга киритган ва вазн тоифасидан қатъи назар ҳаваскор рингда дунёнинг энг кучли боксчиларидан бири саналади. У Шукуржонни очколар ҳисобида енгиб финалга чиқди, Раҳимов эса бронза медали билан қайтадиган бўлди.

Бу – Ўзбекистон терма жамоасининг иккинчи бронза медали бўлди. Бунга қадар кундузги дастурда -69 кг вазн тоифаси вакиласи Шаҳноза Юнусова хитойлик Хонг Гу билан жангда мағлубиятга учраб, терма жамоага дастлабки медални тақдим этганди.

Шундан сўнг Бобо–Усмон Батуров (-69 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) финал йўлланмаси учун жангларда мос равишда ҳиндистонлик Ашиш ҳамда суриялик Муҳаммад Мулайесдан устун келиб, финал йўлланмасига эга чиқишди.

Бобо–Усмон Батуров / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси
Баҳодир Жалолов / Фото: Ўзбекистон бокс федерацияси