25 апрель куни Украина Олий Радаси «Украин тилининг давлат тили сифатида фаолият юритишини таъминлаш» тўғрисидаги қонунни қабул қилди. Бу қонун яқин орада ваколатларини топширадиган амалдаги президент Петро Порошенко учун жуда муҳим эди, қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёни бир неча ой вақт олди - депутатлар қонунни Порошенко кетишидан олдин қабул қилишга улгуришди.
Қонун лойиҳаси муҳокамаларга сабаб бўлди. Унинг тарафдорлари фикрича, қонун украин тили ривожини таъминлайди, қаршилар эса бу қонун бошқа тилда сўзлашувчиларни камситишидан эътироз билдиришди.
Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида, уни биринчи ўқиб чиқиш вақтида кўплаб депутатлар лойиҳани қайта ишлаш зарурлигини билдиришди. Иккинчи ўқишгача депутатлар 2 мингдан ортиқ тузатишлар тайёрлашди.
Қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёни Украинадаги президентлик сайловларининг биринчи туридан аввал бошланганди. 21 апрель куни, сайлов натижалари маълум бўлгач, Петро Порошенко агар депутатлар яқин вақт ичида қонун лойиҳасини маъқуллашса, давлат тили ҳақидаги қонунни имзолашини билдирди.
Украина президентлиги учун сайловда ғолиб чиққан Володимир Зеленський бу қонунга уни ўқиб чиққанидан кейин муносабат билдиражагини айтди. «Президент сифатида лавозимга киришганимдан кейин бу қонунни синчиклаб ўрганиб чиқаман, унда Украинанинг барча фуқароларининг конституцион ҳуқуқлари таъминланганига амин бўлишим керак. Давлат украин тилини ҳеч қандай тақиқларсиз ва жазоларсиз ривожлантириши керак», деганди Зеленський.
Президент бу қонун қабул қилиниши ортидан фейсбукдаги саҳифаси номланишини Владимир Зеленскийдан Володимир Зеленськийга ўзгартирди.
Қонунни кўриб чиқиш кунида Олий Рада биноси олдида ташаббускорларни қўллаб-қувватловчилар митинг уюштиришди.

Депутатлар қонуни қабул қилишди - 278 нафар депутат «ҳа» деди.

Раданинг маданият ва дин масалалари бўйича қўмитаси раиси Николай Княжинцкий маълум қилдики, қонун лойиҳаси «иккинчи ўқишга тайёрланган лойиҳадан жуда ҳам кўп фарқ қилмайди».


















