Маълумки, мамлакатимизда иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамиша эъзозда бўлиб келган. Давлатимиз энг мураккаб бўлган ўтиш даврида ҳам 9 май куни «Хотира ва қадрлаш байрами» сифатида кенг нишонланган, фахрийларга махсус фармонларга кўра алоҳида эътибор қаратилган. Аммо умр ўтиб кетмоқда, минг афсуски бу уруш қатнашчилари ҳам йилдан-йилга камайиб бормоқда...

Маълумот учун, Ўзбекистонда Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари анъанага кўра ҳар йилда 9 май арафасида пул мукофотлари билан тақдирланади. Аввалги йилларда, хусусан, 2013 йилда бир марталик пул мукофоти - 500 000 (беш юз минг) сўмни, 2014 йилда – 600 000 (олти юз минг) сўмни, 2017 йилда 2 000 000 (икки миллион) сўмни, 2018 йилда 5 000 000 (беш миллион) сўмни ташкил этган.

Жорий йилнинг 23 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони имзоланди. Фармонда шундай дейилади:

Мамлакатимизда 9 май умумхалқ байрами – Хотира ва Қадрлаш куни ўтказилиши, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш, бугун ҳам сафларимизда туриб Ватан обрў-эътиборини юксалтиришга, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан тарбиялашга ҳисса қўшаётган фахрийларни эъзозлаш ҳамда фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 74 йиллиги нишонланиши муносабати билан уруш қатнашчилари ва ногиронларини моддий рағбатлантириш мақсадида:

1. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига 7 500 000

(етти миллион беш юз минг) сўм миқдорида бир йўла пул мукофоти белгилансин.

2. Мазкур Фармонни бажариш билан боғлиқ сарф-харажатлар Ўзбекистон Республикаси республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига ушбу пул мукофоти тантанали ва байрамона вазиятда топширилишини таъминласинлар.