Жиззах вилоятининг Мирзачўл туманида олиб борилган кенг кўламли ишлар натижасида туман маркази — Гагарин шаҳарчаси бугун таниб бўлмас даражада ўзгариб кетди. Айнан Мирзачўл тажрибасидан келиб чиққан ҳолда Фориш туманида ҳам қурилиш ишлари бошлаб юборилди.

Қурилиш бор жойда албатта бузилиш бўлади, эскисини бузмай туриб, янгисини қуриб бўлмайди. Бузилиш бўлдики, албатта норозилик ҳам бўй кўрсатади…

Таҳририятимизга Фориш туманидаги бир неча тадбиркордан мурожаат келиб тушди.

Унда ёзилишича, туманда бошланган қурилиш ишлари натижасида кўпгина тадбиркорларнинг ҳуқуқлари поймол этилган. Ушбу ҳудудда кўп бинолар ва уйлар бузиб ташланмоқда. Уй ва биноларнинг эгаларига янгиларини тақдим қилиш ва компенсация тўлаш ўрнига, маҳаллий ҳокимлик вакиллари бино ва уйларни бузишда давом этишмоқда.

Вазиятни ўрганиш мақсадида Фориш туманида бўлдик. Мурожаатчилар биз билан суҳбатда уларни қийнаётган муаммо ҳақида баён қилишди.

«Фориш тумани марказидаги Амир Темур кўчасида тадбиркорларга тегишли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари ҳамда аҳолининг жами 100га яқин уй жойлари жойлашган. Марказда қурилиш ишлари бошланмай туриб жорий йилнинг февраль ойи бошида Фориш тумани ҳокимлиги томонидан Амир Темур кўчаси бўйида жойлашган бино эгаларига уларнинг бинолари жойлашган ер участкалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида»ги низом асосида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниши ҳақида огоҳлантириш тарқатилади.

Ҳукумат қарорининг 3.1-бандида «ер участкаларини олиб қўйишда ер участкасида жойлашган мулкнинг бозор қиймати олдиндан тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади», дейилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Републикасининг «Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқи кафолатлари тўғрисида»ги қонуннинг 19-моддаси тўртинчи хатбошисида «Олиб қўйилаётган ер участкасидаги уйни, бошқа иморатларни, иншоотларни бузиб ташлаш ёки дов-дарахтларни қўпориб ташлашга зарарнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўла қопланмагунга қадар йўл қўйилмайди»,