Спорт | 09:10 / 05.05.2019
24451
2 дақиқада ўқилади

Фото: Салоҳ муҳим ўйинлар олдидан жиддий жароҳат олди

«Ливерпуль» ҳужумчиси Муҳаммад Салоҳ Англия Премьер-лигасининг 37-турида «Ньюкасл Юнайтед»га қарши кечган ўйинда жароҳат олди. Ўйин мерсисайдликларнинг 3:2 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Ўйиннинг иккинчи бўлими давомида мисрлик футболчи «қарғалар» дарвозабони Мартин Дубравки билан тўп учун кураш вақтида газонга қулади. Футболчи ўзи мустақил ҳолда майдонни тарк эта олмади ва уни замбилга солган ҳолда олиб чиқиб кетишди. Унинг ўрнига майдонга тушрилган Дивок Ориги ғалаба голи муаллифига айланди.

Ҳозирча унинг жароҳати даражаси ва у қанча муддатга сафдан чиққани аниқ эмас.

«Салоҳ бошидан жиддий жароҳат олган, уни синчковлик билан тиббий кўрикдан ўтказиш керак», — дея «Ливерпуль» жамоаси бош мураббийи Юрген Клоппнинг сўзларини келтирган Goal портали.

Салоҳ АПЛнинг жорий мавсумида ливерпулликларнинг барча 37 ўйинида майдонга тушиб, 22 гол урган ва 8 голга узатма берган.

«Ливерпуль» 8 май куни Чемпионлар лигасининг яримфинали жавоб учрашувлари доирасида «Барселона»га қарши ўйин ўтказади.

Клопп жамоаси айни вақтда АПЛ турнир жадвалида 94 очко билан пешқадамлик қилмоқда, аммо иккинчи ўриндаги «Манчестер Сити»да захира ўйини ҳам мавжуд - Гвардиола жамоаси 37-тур учрашувини бугун «Лестер»га қарши ўтказади. Чемпионлик масаласи охирги турда, кейинги ҳафта охирида ҳал бўлади. Охирги турни «Ливерпуль» «Вулверҳемптон»га қарши ўтказади, «Сити» эса «Брайтон» билан куч синашади.

Мавзуга оид