Кейинги вақтларда нашрларда ва ижтимоий тармоқларда бир неча марта бошқарув соҳаси вакиллари ўз қўли остидаги ходимларига (айниқса фермерлар) нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатаётгани ҳолатлари ёритилди. Бундай воқеалар олдин ҳам содир бўлганига шубҳа йўқ. Юрак ютиб овоза қилинмаган, холос.  Афсуски, бу ҳозир ҳам давом этмоқда, ҳаттоки дўппослаш, калтаклаш ҳолатлари ҳам учраб турганига нима дейсиз? Вазир, айрим туман ҳокимлари қўл остидагиларига қилаётган муомаласини эшитиб, бир савол туғилади: бошлиқларнинг қуюшқондан чиқишига сабаб нима? Ҳаддан ташқари кўп топшириқлар доимий асаббузарликларга олиб келаётгандир? Ишлаш тизимини йўлга қўйиш қийин бўляптими ёки ходимларни қўрқитиб бошқариш стереотипи ҳалиям ўз кучидами? Умуман олганда, раҳбар шахслар бошқарув санъатидан қанчалик хабардор? Ишда юқори самарадорликка эришишдан ташқари ходимлар билан дўстона муносабат ўрнатиш учун нималар қилмоқ лозим?

Бошқарув психологияси - алоҳида фан соҳаси бўлиб, йўналишдаги муаммоларни тадқиқ қилади. Фаннинг мақсади ходимларнинг ўзаро ва раҳбар билан муносабатини ўрганишдир. Раҳбарлик алоҳида маҳорат талаб қилувчи кўникма ҳисобланади. Ҳар қандай билимли, салоҳиятли кадр бошқарувчиликни эплаб кетолмайди. Жамоани ягона мақсад сари олиб борувчи раҳбар шахс намунали шахсий сифатларга ҳам эга бўлиши лозим. Ходим билан муносабатда ўта эҳтиёткорлик билан ёндашиш муҳимдир. Юқорида келтирилган мисолларда раҳбар шахслар ходимларга қилган хатолари учун ҳақорат ишлатишган. Психология фанлари номзоди, профессори Л.Д. Столяренконинг «Бошқарув психологияси» китобида айтилишича, раҳбар ходимининг шахсиятини эмас, фақат ишини танқид қилиши керак. Бунда «бутерброд» (иккита мақтов орасига битта танқидни қўшиб юбориш) усулидан фойдаланиш қўл келади. Ушбу китобда аутоген менежментнинг (ўз-ўзини бошқариш) аҳамияти жуда юқорилиги таъкидланади. Раҳбар, энг аввало, ўзини ичкаридан туриб ислоҳ қилолса, бутун жамоани ортидан эргаштира олади. Бошқарувчиларга улкан талаблар қўйилаётгани рост. Бу борада ҳар кимда турлича мулоҳаза бор. Фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш учун бошқарув соҳасидан яхшигина хабардор бир неча эксперт билан суҳбатлашдик.