Республикада янги босқичда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугунги кунда Каттақўрғон шаҳрида ҳам ўз аксини топиб бормоқда.

Хусусан, шаҳарнинг 2018 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таҳлил қиладиган бўлсак, ҳудудий дастурлар асосида жами 65 та лойиҳа амалга оширилди ва 700 га яқин янги иш ўрни яратилди. Ташаббускорларнинг ўз маблағлари ҳиосбидан 61,1 млрд, тижорат банк кредитлари ҳисобидан 30,6 млрд сўм ва хорижий инвестициялар ҳисобидан 800,0 минг АҚШ долларлик маблағлар ўзлаштирилди.
Шундан саноат йўналишидаги 22 та лойиҳага 70,3 млрд, хизмат кўсатиш ва сервис йўналишидаги 43 та лойиҳага 23,7 млрд сўм маблағлар йўналтирилди ва ҳудудий дастур ижроси таъминланди. Бунинг натижасида маҳаллий бюджетга қўшимча жами 5,5 млрд сўм қўшимча маблағ туширилди.
Шунингдек, янги турдаги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиши орқали экспорт салоҳияти янада оширилиб, шаҳарнинг экспорт географияси кенгайтирилди ва экспорт кўрсаткичи қарийб 2,0 млн АҚШ долларга етказилди.
Жорий йилда ҳам ушбу чора-тадбирлар тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда.
Каттақўрғон шаҳрида 1991 йилдан буён янги кўп қаватли уй-жойлар қурилмаган. Айни вақтда шаҳар ҳудудида ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда.

2018 йилда кам таъминланган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун «А.Темур» ва «Гўзалкент» маҳаллаларида 2 тадан 5 қаватли уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди.
Ингичка қўрғонидаги таъмирталаб бўлган 17 та кўп қаватли уй суд орқали шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилди ва таъмирлаш бўйича лойиҳа смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, бугунги кунда таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда. Мазкур кўп қаватли уй таъмирланиши натижасида Ингичка қўрғонидаги авария ҳолатда бўлган 3 та 2 қаватли уйда яшовчи 24 нафар оилалар янгидан таъмирланган уйларга кўчирилади, қолган 16 таси кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, уй-жойга муҳтож фуқароларга ажратиб берилиши режалаштирилган.


Бундан ташқари, Ўзбекистон кўчаси атрофида 2 та ва Бобур кўчаси атрофида 1 та арзон кўп қаватли уй-жойлар қурилиш ишлари олиб борилаётган бўлиб, ушбу уйлар 2019 йилнинг август ойида фойдаланишга топширилиши белгиланган.






















