Дунёдаги энг машҳур кинофраншизанинг навбатдаги фильми “Джеймс Бонд 25” суратга олинишига оид режаларини эълон қилди. Унда актёрлар таркиби ва синопсис билан биргаликда фильм қаерларда суратга олиниши ҳақида ҳам маълумотлар бор.Унга кўра Ямайка, Норвегия, Италия ва Буюк Британия бўлажак фильмга локациялар сифатида танлаб олинган.

Шу кунгача Бонд ҳақидаги киноасарлар Австрия, Швейцария, Туркия, Баҳама ороллари, Ҳиндистон, Исландия, Таиланд каби табиати ва меъморчилиги жиҳатдан жозибали мамлакатларда ҳикоя қилинган. Бу давлатлар ичида “007: Спектр” суратга олиш жараёнларига мезбонлик қилган Марокаш ҳам бор.

Хўш, Ўзбекистон шаҳарлари қачон Бонд каби фильмлар учун локация сифатида танлаб олинади? Келинг, бу саволга жавоб беришдан аввал қуйидаги учта саволга жавоб топайлик.

1. Бонд каби фильмларнинг бизда олинишидан нима наф?

“Travel Сompetitive Intelligence” маркетинг тадқиқотларига кўра дунё бўйлаб 40 миллион сайёҳ кўрган фильмларидан илҳомланиб, саёҳат манзилини танлайди. 2015-2017 йилларда дунё бўйлаб киносайёҳлар сони 80 миллиондан ошган бўлиб, уларнинг аксарияти Россия, Ҳиндистон ва Хитой фуқаролари ҳисобланади.

“Гарри Поттер” фильмларида намойиш этилган масканларга келадиган сайёҳлар сони, ушбу киноасар дунё томошабинлари эътиборига ҳавола этилгач, ўртача 50 фоиз, “Троя” фильмидан кейин Туркиянинг Чаноққалъасига келадиган туристлар оқими 73 фоиз, “Довюрак” (Braveheart)да намоён бўлган Шотландиянинг Уоллес монументи зиёратчилари адади 300 фоиз (!) ошган.

Энди, ўзингиз тасаввур қилинг, дунёнинг турли нуқталаридаги томошабинлар “Джеймс Бонд”, “Бажариб бўлмас топшириқ” ёки “Форсаж” каби давомли кино асарларга эга франшиза фильмларидан бирини томоша қилаяпти, у ерда эса “Samarkand, Uzbekistan” деган титр билан Регистон майдони ёки бошқа обидалар чиқиб келса... Албатта, бу туристлар оқимини кескин оширишга ҳамда мамлакат брендини ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшмай қўймайди.

Бошқа томондан чет эл кинокомпаниялари Ўзбекистонга фильм олиш учун келиши улар маҳаллий киносаноат вакиллари, мутахассислар ва тадбиркорлар хизматидан фойдаланади дегани. Иқтисодиётнинг барча секторларига ҳисса қўшилиши нуқтаи назардан хорижий киноларнинг бизда олинишини бир қанча миллионлик валютадаги тўғридан-тўғри инвестицияга тенглаштириш мумкин.

Голливуд ёки Европа кинокомпаниялари Ўзбекистон ҳудудида фильм яратиши маҳаллий киноиндустрия учун катта мактаб бўлади. Соҳага янги тенденциялар кириб келиб, стандартлар юқорилашига туртки бўлади.