Ўрта синф замонавий жамиятнинг асоси деб ҳисобланади. Экспертларнинг фикрича, аҳолининг айнан мана шу тоифаси вакиллари ўзгаришларга бўлган талабни шакллантиради ҳамда сиёсий зўрликни рад этган ҳолда барқарорликни кафолатлайди.
2018 йил октябрда Тошкентда «Ўзбекистонда давлат бошқарувининг янги моделини шакллантириш шароитида жамоатчилик иштирокининг ривожланиши» мавзуидаги тадқиқотнинг дастлабки натижалари тақдим этилди. Жумладан, экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2030 йилга келиб, Ўзбекистон аҳолисининг 60%ини ўрта синф вакиллари ташкил этади.
Яқинда Kun.uz сайти «Сизнинг фикрингиз» Telegram-каналида сўров ўтказди.

«Сиз ўзингизни ўрта синфга мансуб деб ҳисоблайсизми?» деган саволга 1 553 киши жавоб берди. Уларнинг 67%и ўзларини ўрта синф, 19% фоизи эса бундай эмас деб ҳисоблашларини маълум қилди. Шу билан бирга сўровда қатнашганларнинг 14%и бу саволга жавоб беришга қийналган, чунки айримлар ўзларининг қайси синфга мансуб эканликларини билишмайди.
Умуман олганда, ўрта синф ҳақидаги аниқ тушунча ҳақида гапиришга ҳали эрта, чунки Ўзбекистонда ҳали минимал истеъмол савати ва яшаш минимуми миқдори аниқ белгиланмаган.
Сўровда жавоб берганларнинг 67%и ўзини ўрта синфга мансуб деб ҳисоблар экан, уларнинг ҳар бири ўз қараши, тушунчаси ва ўлчовига эга эканлигига эътибор қаратиш лозим. Кимдир ўз уйи, машинаси ва 3 млн сўм ойлик маоши бўлгани учун ўзини ўрта синф вакили деб ҳисоблайди. Уйи, машинаси ва 5 млн сўм ойлиги бўлган бошқа бир киши эса зўрға яшаётганини айтиши мумкин. Бундан ташқари, 500 минг сўм пенсия оладиган ва Россиядан ўғиллари ҳар ойда жўнатадиган 1,5 минг долларга яшаётган киши ҳам ўзини ўрта синф вакили деб аташи мумкин.
Умуман, Ўзбекистон аҳолиси ўзининг қайси синфга мансуб эканлигини ўзи белгиламоқда.
«Ўзбекистонликлар ойига ўртача қанча маош олишлари керак?» деган саволга 106 киши жавоб қайтарган. Уларнинг 38%и ўзбекистонликлар ойига ўртача 5-6 млн сўм олиши керак деб ҳисоблайди. 26% киши ойига 3-4 млн сўм етарли деб ҳисоблайди. Сўровда қатнашганларнинг 14%и ўзбекистонликлар ўртача 7-8 млн, 10%и - 9-10 млн, 10%и - 10 млн сўмдан кўпроқ олиши керак деб ҳисоблайди. Атиги 2% одам ўзбекистонликлар ойига ўртача 1-2 млн сўм олиши керак деб жавоб қайтарган.

















