Жаҳон | 11:10 / 12.05.2019
3783
1 дақиқада ўқилади

Литвада президент сайловлари бўлиб ўтмоқда

Фото: AP Photo/Mindaugas Kulbis

12 май куни Литвада президент сайловлари бўлиб ўтмоқда. Шу муносабат билан 2 мингга яқин сайлов участкаси ўз ишини соат 7дан бошлаган ва 20гача давом эттиради.

Сайловларда 2,5 млн киши иштирок этади. Президент лавозимига 9 номзод даъвогарлик қилмоқда. Ижтимоий сўровномалар натижаларига кўра, 54 ёшли иқтисодчи Гитанас Науседа, 44 ёшли собиқ молия вазири Ингрида Шимоните ва 48 ёшли амалдаги бош вазир Саулюс Сквернялис президент лавозимига асосий даъвогарлар ҳисобланадилар. Амалдаги президент Даля Грибаускайте иккинчи муддатини тамомлаётгани сабабли учинчи муддатга президент лавозимига даъвогарлик қила олмайди.

Ғалаба учун номзодлардан бири 50 фоиздан кўпроқ овоз тўплаши лозим. Акс ҳолда 2 ҳафтадан кейин сайловларнинг 2-босқичи бўлиб ўтади.

Шунингдек, мамлакатда президент сайловларидан ташқари, икки фуқароликни киритиш ва депутатлар корпусини 15 фоизга қисқартириш бўйича референдумлар ҳам ўтказилмоқда. 

Литвада президент 5 йилга сайланади. Амалдаги президент ушбу лавозимни 2009 йилдан бери эгаллаб келмоқда.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид