Жорий йилнинг январида Kun.uz нашрида «Хоразм Беклари» яксон этилди. 6,5 млрд сўм кредит олиб меҳмонхона қурган тадбиркорнинг биноси ҳокимият томонидан бузиб ташланди» сарлавҳали мақола нашр қилинганди.

Унда банкдан 6,5 миллиард сўм миқдорида кредит олиб, биринчи қавати ресторандан иборат бўлган кўп қаватли меҳмонхона биноси қурган, лекин қурилишлари ҳокимлик томонидан бузиб ташланган тадбиркор Уморбек Бековнинг муаммолари баён этилганди.

Тадбиркор туризмни ривожлантириш мақсадида Урганч шаҳрида қураётган, битиш арафасидаги меҳмонхона 2018 йилнинг 1 декабрида шаҳарнинг янги ҳокими Шуҳрат Абдуллаевнинг оғзаки топшириғи билан ҳеч қандай огоҳлантириш ва ҳужжатларсиз бузиб ташланганди.

Ўшанда шаҳар ҳокими Шуҳрат Абдуллаев нега белгиланган тартиб бўйича ҳаракат қилмагани ҳақидаги саволларга «буни ҳокимият юристидан сўраш керак»лигини айтиб, жавоб беришни истамаганди.

«Лекин тадбиркорнинг ери, банкдан олган кредити ва зарарини қоплаш масалалари кўриб чиқилади», деб ваъда берганди ҳоким.

Хўш, орадан бир неча ой вақт ўтиб вазият ўзгардими? Бу ҳақида билиш учун Уморбек Беков билан яна боғландик.

YouTube

Tas-IX

Тадбиркорнинг айтишича, прокуратура органи кўмаги билан унинг ери масаласи ҳал этилган. Урганч шаҳридаги Амир Темур номли маданият ва истироҳат боғи ҳудудига чегарадош бўлган Паҳлавон Маҳмуд кўчасидан биринчи қавати ресторандан иборат кўп қаватли меҳмонхона биноси қурилиши учун 2 минг кв.м. ер майдони доимий фойдаланиш учун ажратилган.

Кўрилган миллиардлаб зарари эса қоплаб берилмаган. Шундан сўнг, тадбиркор ҳокимиятни судга берган. Суд мажлиси ҳокимиятнинг ҳар хил важлари сабаб бир неча марта қолдирилган. Орада тадбиркор вақт йўқотмоқда, миллионлаб кредит маблағлари тўламоқда. Ниҳоят, Урганч туманлараро иқтисодий суди судьяси М.Қазақов бошчилигида низоли иш кўриб чиқилган. Жорий йилнинг 29 март санасида ҳал қилув қарори қабул қилинган.