Иқтисодиёт | 10:50 / 20.05.2019
10756
2 дақиқада ўқилади

Socar Қашқадарёда нефть қазиб олишни кўпайтиради

Фото: Globallookpress

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ва SOCAR’нинг бўлинмаси - «Нефтгаз» томонидан OGU-2019 23-Халқаро кўргазма ва конференцияси доирасида Қашқадарёда нефть қазиб олиш ҳажмини ошириш тўғрисидаги битим имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатда Ўзбекистон Республикасининг Ғарбий Тошли ва Шарқий Тошли, Шимолий Шўртан ҳамда Гармистон конларида углеводородлар қазиб олишни SOCAR компанияси илғор услублари ҳамда технологияларини қўллаган ҳолда кўпайтириш бўйича ҳамкорликнинг асосий шартлари белгилаб берилган.

Бу «Ўзбекнефтгаз» АЖнинг Озарбайжонга тегишли SOCAR компанияси билан биринчи шундай лойиҳаси. «Ўзбекистон нефть ва гази OGU-2018» Халқаро кўргазмаси ва конференциясида уни биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги келишувларга эришилган. Глобал нефть-газ компанияси билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш учун асос бўлган ўзаро англашув меморандуми имзоланган. 

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, икки компания ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистонда углеводородлар қазиб олишни кўпайтириш ҳамда Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга таъсир кўрсатади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид