Автомобиль, темирйўл, ҳаво, дарё транспорти, метрополитен ҳамда йўл хўжалиги соҳасидаги давлат бошқарувининг ягона органи сифатида Транспорт вазирлигининг ташкил этилиши маҳаллий иқтисодиётни ривожлантириш учун жуда ижобий ва муҳим қадам ҳисобланади. Ўзбекистон президентининг «Транспорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида​»ги фармонига мувофиқ, транспорт соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш вазирликнинг асосий вазифаси ҳисобланади. Агарда вазирликнинг миссиясини таҳлил қиладиган бўлсак, ҳудудий жойлашув ва бозор ҳажмини ҳисобга оладиган бўлсак, бу «Ўзбекистонни минтақавий транспорт хабига айлантириш» дегани.

Ана шунда ташкил этилган вазирликнинг роли барча учун тушунарли бўлади – иштирокчилар сони ва транспорт бозори ҳажмининг ўсишига эришиш (бозор ҳажми – бу бозор атрофида таклиф этиладиган ва сотиб олинадиган товар ёки хизматлар ҳажми).

Ҳа, бир кундаёқ барча нарсани ўзгартириб бўлмайди ва вазирлик ташкил этилганига атиги бир неча ой бўлди. Эҳтимол, вақт чекланганлиги ҳисобигами, авиация ва темирйўл ташувлари секторларида ҳали-ҳануз бошқарувнинг монополлашган тизими мавжуд, шаффофлик ва аҳолининг транспорт хизматларига бўлган талабини қондириш имконига эга эмас. Аммо асосийси, тўғри йўл танланган ва тан олиш керакки, ташувлар бозорида соғлом рақобатнинг йўқлиги мамлакатда транспорт соҳаси даражасига таъсир кўрсатмоқда. 

Мақолада давлат тартибга солувчисининг ташкил этилиши маъқулланади, келажакда соҳанинг ўсишига умид билдирилади ҳамда қандай камчиликлар мавжудлиги кўриб чиқилади.

Концептуал ёндашув

Транспорт сиёсатига нисбатан ёндашувни ислоҳ қилиш, биринчи навбатда янгича тушуниш аппаратини кўзда тутади. Транспорт ва иқтисодий ўсишга ўзаро таъсир кўрсатувчи омиллар мавжудлик (accessibility) ва «логистик боғлиқлик» (connectivity) ҳисобланади. Мавжудлик ва қатнов манзилининг даражасини англаш муҳим ҳисобланади, чунки у йўловчи ва юк ташишда давлат ҳамда хусусий операторлар ролини аниқлашга ёрдам беради. Бунда, мавжудлик – географик нисбий ўлчов бўлса, «қатнов» амалий ва технологик чекловлар ҳамда мавжудликни ошириш имкониятларини англатади (масалан, йўлга сарфланадиган вақт ёки самаралироқ транспорт воситалари).

Оддий сўз билан айтганда, вилоятларда аэропортлар бўлса ҳам, мунтазам қатновлар бўлмаса, «логистик боғлиқлик» билан муаммо ҳал бўлмайди. Ёки бошқа мисол. Ўзбекистондаги вилоят марказларидаги бирорта ҳам корхона агарда маҳсулот жўнатиш учун уни ишлаб чиқаришга кетганчалик маблағ сарфлайдиган бўлса, экспорт билан муваффақиятли шуғуллана олмайди. Бундан ташқари, вагонларни корхона жойлашган шаҳардан давлат чегарасигача олиб борадиган вақт чегарадан Россиягача етиб борадиган вақтга нисбатан уч баравар кўпроқ бўлса.