Ўзбекистон | 17:02 / 25.05.2019
19517
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда сўроқ қилиш ва таниб олишга доир янги қоидалар кучга кирди

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

ЖПКда вояга етмаган гувоҳларни ёки жабрланувчиларни сўроқ қилиш тартибига аниқлик киритилди, шунингдек таниб олиш жараёнининг хавфсизлиги кафолатланди. Бу ҳақда Norma ёзмоқда.

Улар ҳали бола-ку…

Жинсий эркинликка қарши (ЖКнинг 118–121-моддалари), 18 ёшга тўлмаган шахслар савдосига оид (ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми «а» банди) жиноят ишлари бўйича вояга етмаган гувоҳни ёки жабрланувчини сўроқ қилиш, шунингдек бошқа ҳолатларда сўроқ қилиш, агар буни одил судловнинг ёки вояга етмаган шахснинг манфаатлари талаб этса, стенография, видеокузатув, шунингдек аудио- ва видео қайд этиш тизимлари билан жиҳозланган махсус хонада ўтказилиши мумкин.

Бунда уларнинг қонуний вакиллари, педагог ёки психолог иштирок этади, улар ҳимоячи билан бир қаторда саволларни суриштирувчининг, терговчининг, прокурорнинг ёки суднинг рухсати билан қайта тузиш ҳуқуқига эга, бунда уларнинг моҳияти ўзгартирилмайди.

Сўроқни махсус хоналарда ўтказиш, шунингдек аудио- ва видео қайд этиш тартиби суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суд томонидан белгиланади. Сўроқ қилиш стенографияси, кўрсатувларнинг аудио- ва видеоёзувлари баённомага илова қилинади.

Хавотир олманг, улар сизни кўришмаяпти

Жиноят иши бўйича иш юритиш доирасида таниб олиш қоидаларига ҳам ўзгартиришлар киритилди. Қонун чиқарувчи аввалбошдан таниб олинувчининг хавфсизлигини таъминлаган. Тергов ҳаракатида шахснинг ўзи ҳозир бўлмай, унинг фотосуратидан фойдаланилиши мумкин. Бироқ ушбу тергов ҳаракати доирасида барча иштирокчиларнинг хавфсизлиги кафолатланиши зарур.

Шу сабабли энди Қонунда шахсни таниб олиш учун кўрсатиш таниб олинувчининг таниб олувчини кўриб туриши истисно этиладиган шароитларда ўтказилиши назарда тутилган. Бу ҳолда холислар таниб олувчи турган жойда бўлади. Бу суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суднинг қарорига кўра амалга оширилиши мумкин. Таниб олиш кўрсатилган тартибда ўтказилган бўлса, баённомага бу ҳақда тегишли ёзув киритилади.

Қонун 24.05.2019 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид