Фото: Fotolia

Ҳар бир ота-она ўз фарзандининг бахтли ва мустақил келажаги ҳақида орзу қилади. Бунга эришиш усулларидан бири – ўз ишини ташкил этиш. Бироқ бунинг учун ҳам қатор омиллар зарур: молиявий саводхонлик, мақсад сари интилиш, оиланинг кўмаги. Омадни қарангки, эндиликда ҳар бир ота-онада ўз фарзандида тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш учун ўзига хос йўл харитасини тузиш имконияти мавжуд.

Rb.ru нашриётларга мурожаат қилиб, болада тадбиркорлик кўникмаларини топиш ва ривожлантиришда ёрдам берадиган китобларни тавсия этишларини сўраган. Ўнта фойдали китобдан иборат рўйхат эса қуйидагича:

«Қандай қилиб 21 кунда фильм ёзиш мумкин? Ички фильм усули»

Вики Кинг китоби – муаллифлик концепцияси ва сценарий ёзиш моҳирлигини қадам-бақадам ўргатиш. Гап шундаки, ҳеч ким 21 кунда фильм ёза олмайди. Бироқ юрак ва мия ҳамкорлиги йўлга қўйилса, имконсиз нарсани амалга ошириш мумкин. Биринчи навбатда, бу китоб фильмга сценарий ёзишни ўргатса, иккинчидан эса машаққатлардан қўрқмаслик ва орзуга эришиш йўлида баҳоналар топмасликни ўргатади.

«Болани фикрлашга ўргатинг»

Эдвард де Боно болани фикрлашга ўргатиш зарур, деб ҳисоблайди. Тўғри, айрим ота-онлар конструктив фикрлаш ва заковатни адаштирадилар. Бироқ муаллиф ушбу тушунчалар ўртасидаги фарқларни кўрсатади ҳамда болаларнинг ақлий фаоллигини ривожлантириш учун кўплаб ўйин ва машқларни таклиф этади.

«Ўсмирлар учун бой ота, камбағал ота»

Роберт Кийосаки – ғаройиб тажрибага эга инсон. Унинг асарлари мана бир неча йилдирки, ўзининг долзарблигини йўқотмаяпти. Бу китоб ўсмирларга молиявий саводхонлик асосларини беради, дунёда ўз ўрнини топиш ва ҳақиқатан ҳам бадавлат бўлишда кўмак кўрсатади.