Куни кеча “Муносабат” телекўрсатувида куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари чироқларини ёқиб ҳаракатланиши белгиланган ҳукумат қарори бўйича муҳокама ўтказилди.
Шундан сўнг, Адлия вазирлиги ягона давлат ҳуқуқий сиёсатини олиб борувчи орган сифатида муҳокамада билдирилган қонунчилик тизими билан боғлиқ бўлган фикрларга изоҳ бериб, 2016 йилда Йўл ҳаракати қоидалари бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳаси аслида депутатларнинг ташаббуси бўлганини билдирди. Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев Facebook’даги саҳифасида бу борада пост қолдирди.
“Адлия вазирлигининг автомобилларда кундуз куни чироқларни мажбурий ёқиб юришга эътироз билдирган депутатлар бўйича муносабатини кўриб бир латифа эсга тушиб кетди: бировнинг боғига ўғирликка тушаётган афанди дарахтга чиқиб меваларини халтасига солаётса, уй эгаси келиб афандининг кавушидан тортади:
- Нега мени боғимдан ўғирлик қиляпсан?
Афанди эса устомонлик билан:
- Нега унда ўзинг хотинингга кавуш олиб бермайсан? – дейди.
Мавзуга қайтсак. Аслида гап Адлия вазирлиги масалани бошқа тарафга буриб юборишга ҳаракат қилган – 2016 йилда йўл ҳаракати қоидалари бўйича ишлаб чиқилган қонун лойиҳасида эмас, балки серқуёш Ўзбекистонда кундуз куни автомобил чироқларини мажбурий ёқиб юришни бекор қилиш ҳақида.
Буни ҳамма кўриб билиб турибди. Майли Адлия вазирлиги асосий мавзудан чалғитувчи бу ишни депутатлар қўярда қўймай ташаббус қилиб чиқишган, дейишмоқда. Буни астойдил, меҳнат қилиб, чуқур ўрганиб аниқлашибди. Шундай бўла қолсин. Бироқ бундай ташаббус қандай бўлганлиги кўрга ҳам маълум. Кейин ўша қонун лойиҳасида гап фақатгина йўловчи ва юк ташувчи, мототранспорт воситаларининг кундуз куни чироқларини ёқиб юрмаганлиги учун жарима ҳақида кетган. Ҳозир эса ўша қонун баҳона ҳамма ҳайдовчилар шундай қоидабузарлик учун жаримага тортилмоқда.
Адлия вазирлиги бу ўринда фуқароларимизнинг эътирозларини эшитиш ўрнига нимаики ёмонлик, одамларнинг эътирозига сабаб бўлган ҳужжатлар бўлса депутатларни айбдор қилиш билан шуғулланмоқда. Шу адолатданми? Адлия вазирлиги оппоқ: барча қонун ҳужжатлари бўйича экспертизалар аъло даражада ўтказилиб, ҳеч бир ҳужжатда маълум гуруҳ ва шахсларнинг монополиясига йўл қўйиш, нодавлат ташкилотларига тадбиркор ва фермерларни мажбурий аъзоликка киритиш, давлат тилидан бошқа тилда ҳужжатлар қабул қилишга йўл қўйилмаганми? Аҳолини арзон уй-жой олиши учун ҳукумат белгиланган тартибларни қўллашда қонунбузилишини кўриб туриб эса кўз юмиш ҳолатлари ҳам бўлмаган шекилли? Бу бизга маълум натижалар холос.








