«Челси»нинг кечаги ғалабаси қайсидир маънода 2016 йилги Англия Кубоги финалида «Манчестер Юнайтед»нинг «Кристал Пэлас»ни ютганини эслаб юборди. Гап мураббийларда. Ўша куни фаолиятидаги сўнгги совринини ютган Луи ван Гаал билан кеча илк марта бирор турнирда ғалаба қозонган Маурисио Сарри ўртасида бир ўхшашлик бор. Иккаласи ҳам ажойиб эмоциялар, голлар, финалдаги ғалабалардан кейин истеъфога чиқарилмоқда. Сарри ҳолатида ҳали расман эълон қилинмади, лекин бу ҳақиқатга яқинроқ. Ва мантиқлироқ ҳам.
Сабаби, Маурисио Сарри ҳам худди нидерландиялик ҳамкасби каби ўз услубига, жамоада қурмоқчи бўлган фалсафасига зид йўлдан борган ҳолда соврин ютишди. Яъни, кечаги ғалаба Саррининг Лондонда қурмоқчи бўлган янги жамоаси учун пойдевор бўлишини, ниҳоят «Челси» ўз йўлини топганини кўрсатмайди. Ҳа, балки, мавсум давомида «Челси» ўз йўлини топгандир, аммо шубҳасиз, бу Саррининг йўли эмас.
«Наполи»дан ташриф буюрган мураббий илк ойларданоқ «Челси» фалсафасини ўзгартиришга киришди. Жамоанинг фаол прессинг ва юқори ҳимояда ўйнай бошлаши «Стемфорд»да аввал муваффақиятли ишлаган Жозе Моуриньо, Антонио Конте ва ҳатто Карло Анчелотти ғояларидан кескин фарқ қиларди. Сарри билан Неаполдан ташриф буюрган Жоржиньо жамоа юрагига айланди, «Челси» эса, жуда самарали натижалар қайд этиб, «Манчестер Сити» ва «Ливерпуль» билан маълум муддат рақобатлашди ҳам.
Кейинчалик, натижалар ёмонлаша бошлагач, Саррининг қайсарлиги муҳокама қилина бошланди ҳамки, мураббий билганидан қолмади – «мен ўз услубимдан ҳеч қачон воз кечмайман». Бу туриш Пеп Гвардиоланинг дастлабки йилдаги жавобини эслатиб юборгандир, ахир айнан Гвардиола танқид-у шубҳаларга қарамасдан, ўз фалсафасига содиқ қолган ва кейинги йилда ҳеч ким тенг кела олмайдиган машинани яратди-ку...
Аммо «Челси» «Манчестер Сити» эмас, Абрамовичнинг, умуман лондонлик футболчиларнинг мураббийларга муносабатини, истеъфо тажрибасини жуда яхши биламиз. Сарри барибир жадвалнинг юқори қисмида юрса-да, унинг кетиши ҳақидаги гаплар кўпайиб борди. Айниқса, февраль ойида Манчестер клубларидан умумий – 0:8 ҳисобидаги мағлубият, Борнмутдаги шармандалик, Кепа воқеаси, ҳаммаси Саррининг истеъфосидан дарак бера бошлади.
Луи ван Гаал ҳатто ўша финал кечасидаям уни кетказишларини билмаган, эртасига истеъфога чиқарилишини шок ўлароқ қабул қилганди. Менимча, Сарри анча аввалроқ кетиши ҳақида билган, балки шунинг учун қайсарликни тўхтатиб, ўз фалсафаси билан эмас, натижа келтириши мумкин бўлган тактикаларга кўпроқ мурожаат қила бошлаган. У энди эътиборини ўз жамоасини қуришда давом этиш, масалан, келаси мавсумлар учун ҳам пойдевор қуриш, ниманидир тайёрлашга эмас, Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритиш, Европа Лигасида ютиш каби қисқа масофали стратегияларга қарата бошлади.















