28 май куни интернетда андижонлик 35 ёшли тикувчи аёл Хуршида Тиллаеванинг видеомурожаати эълон қилингач, бу мавзу ҳафтанинг асосий воқеасига айланди. Аёл ўз мурожаатида айтишича, унга мутасаддилар 16 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига ташрифи вақтида «Ўзбекистон 24» телеканали камераси қаршисида янги уйли бўлгани ҳақида гапиришни тайинлашган, у хурсандчилик билан берган интервью эфирга узатилган. Аммо аёлга уй берилмаган. Шунингдек, давлат раҳбарига «уй берилган» дея кўрсатилган бошқа аёллардан, Хуршида Тиллаеванинг ҳамкасбларидан ҳам уйлар қайтариб олинган.

Сўнгги кунлар давомида турли нашрлар бу мавзуни турли ракурслардан ёритишди ва ёритишда давом этишмоқда. Kun.uz мухбирлари ҳам суриштирув ўтказиб, Андижондаги вазият тафсилотларини ўрганди.

Интервью тарихи

Хуршида Тиллаева Пушкин кўчасидаги эски уйда икки фарзанди, синглиси ва унинг фарзанди билан

Хуршида Тиллаева «Ўзбекистон 24» телеканали учун берган интервьюсида Андижон шаҳри билан чегарадош бўлган Хўжаобод туманидаги Хидирша массивида бунёд этилган шаҳарчадаги шарт-шароитлар, ўзи ҳам икки фарзанди билан коттежлардан бирига кўчиб ўтгани ҳақида қувониб сўзлаганди. Сўнгги вақтларда Андижон шаҳри марказидаги «Мустақиллик» МФЙ, Пушкин кўчаси умумий ҳовлидаги онасининг уйида истиқомат қилиб келаётган бу аёл бутун Ўзбекистонга президент томонидан уй совға қилинган бахтиёр аёл сифатида кўрсатилди.

16 май куни «Ўзбекистон 24» телеканали эфирида кетган лавҳада Хуршида Тиллаева уй эгаси сифатида кўрсатилди.

Энди эса унга аслида коттеж эмас, ўзининг иш ҳақи ҳисобидан кўп қаватли уйдан икки хонали квартира берилиши маълум қилинмоқда. Унинг онасига эса маҳалла «Обод маҳалла» дастури доирасида бузилиши туфайли шаҳар ташқарисидан – Хидирша массивидан коттеж берилган.

Тикувчилик цехи

Хуршида Тиллаева 2018 йилнинг сентябрида ташкил этилган «Мустақиллик тикувчилик мажмуаси» МЧЖ тикувчилик корхонасида ишлайди. Бу тикувчилик цехи Андижон шаҳридаги бузилаётган маҳаллаларда ҳеч қандай кадастр ҳужжатларисиз яшаб келаётган, ўша ҳудуддаги уйларда ижара асосида узоқ йиллардан бери истиқомат қилиб келаётган ёки бир хонадонда сиқилиб яшаётган бир неча оила вакиллари бўлган аёлларни иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган. Мазкур лойиҳа уйсиз, ишсиз ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга уйга пул йиғиш имкониятини яратиш учун йўлга қўйилган.