Германия Федератив Республикаси президенти Франк-Вальтер Штайнмайернинг 27-29 май кунларидаги Ўзбекистонга ташрифи жамоатчиликда қизиқиш уйғотиш билан бирга кўплаб масалаларда мулоҳаза қилишга йўл очиб берди. Ташриф ва давлатлараро муносабатлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси президенти ҳузуридаги стратегик ва минтақалараро институти бўлим раҳбари Баҳром Сотиболдиев Kun.uz'га ўз фикрларини билдирди. 

— Германия Федератив Республикаси президенти жаноб Франк Вальтер-Штайнмайернинг Ўзбекистонга ташрифини икки мамлакат муносабатлари изчил равишда мустаҳкамланиб бораётгани билан боғлаш мумкин. Айниқса, охирги икки йилда бу муносабатлар янада яхшиланди. Масалан, 2017 йил ноябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, 2018 йилда эса Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германияга ташриф буюрган эди. 2019 йил январда эса Президент Шавкат Миромонович Германияга давлат ташрифи билан борди, ҳар томонлама манфаатли масалаларда музокаралар ўтказилди, амалий натижаларга ҳам эришилди. Давлат ташрифи доирасида бўлиб ўтган бизнес форумда икки мамлакат ишбилармонлари ўртасида 8 млрд евро миқдоридаги турли шартномалар имзоланди.

Ўзбекистон Германиянинг ташқи сиёсий ташаббусларини доимо қўллаб-қувватлаган. Европа Иттифоқида ҳам Германиянинг нуфузи ва салоҳияти алоҳида мақомга эга. Германиянинг йиллик ялпи ишлаб чиқараётган маҳсулотининг ҳажми 3 трлн 300 млрд доллар атрофида баҳоланади. Германия тайёр маҳсулот экспорти бўйича ҳам дунёда тўртинчи ўринда туради. Аҳолиси 82 млн киши. Яқин йилларгача икки мамлакат муносабатларини иқтисодий масалаларда мустаҳкамлашга валюта конвертацияси муаммолиги тўғаноқ бўлаётган эди. Бу масала ҳал этилиши германиялик ишбилармонларнинг Ўзбекистонга қизиқишини оширмоқда.

Очиқ сиёсат олиб борилиши натижасида Ўзбекистон жаҳон, хусусан, герман ҳамжамиятига ўзининг ижобий қирраларини кўрсата оляпти. Германия ҳам Марказий Осиё бозорига кириб келишидан манфаатдор. Йирик мамлакатлар ҳар доим ўз маҳсулотини сотиб олишга қодир бўлган бозорни қидиради. Марказий Осиё ҳам худди шундай қиёфада шаклланмоқда. Ўзбекистондаги ислоҳотлар негизида Марказий Осиёда янги геосиёсий ва геоиқтисодий ҳолат юзага келмоқда. Халқаро даражада иш олиб борадиган ишбилармонлар учун шундай эталон мавжуд. Яъни, қаерга Германия ишбилармонлари пул тикишни бошлаётган бўлса, демак, бу мамлакат иқтисодиётига сармоя киритиш ишончли саналади.

Ўзбекистон ҳам Германия бозорига кириб бориш учун уларнинг стандартларига, сифат кўрсаткичларига интилиши керак. У ерда аҳоли жуда тўқ яшайди, юқори сифатли маҳсулотга эҳтиёж бор.

Видео: Youtube