10:30 / 03.06.2019
12359

«Ўзбекистон ҳаво йўллари» энг мазали таомлар тортиқ қилувчи авиакомпания деб топилди

Фото: KUN.UZ

 “Туту.ру” сайёҳлик сервиси 2018 йилнинг апрелидан 2019 йил апрелигача россиялик йўловчилар орасида ўтказилган навбатдаги сўровномаси натижаларини эълон қилди. Сўровномада 27500 киши турли хорижий авиакомпаниялар самолётларида таклиф қилинувчи таомлар ҳақида ўз фикрларини билдиришган. 

Бу маълумотлар асосида энг мазали таомлар тортиқ қилувчи 10 та авиакомпания рўйхати тузилди. 

Эътиборлиси, ушбу рўйхатнинг энг юқори поғонасини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси эгаллади. Авиакомпания 2 йил аввал ҳам шундай натижани қайд қилганди. Бу ҳақда “Ведомости” эслатиб ўтди.

2-ўринни Озарбойжоннинг Azerbaijan Hava Yollary авиакомпанияси эгаллаган. Ушбу авиакомпания таомлари турфа хиллиги билан йўловчилар эътиборини тортган.

3-ўринга Туркиянинг Turkish Airlines авиакомпанияси лойиқ топилган. Таомларнинг сифати юқорилигига қарамай, баъзи йўловчиларнинг таъбига турк авиакомпанияси таомномасида мавжуд бўлган шарқ ошхонаси элементлари тўғри келмаган.

Германиянинг Lufthansa авиакомпанияси қитъалараро рейсларда учта таом, газак ва ичимликлардан иборат тушликни таклиф қилишига қарамай, 4-ўринни эгаллаган. 5-ўринни Қозоғистоннинг Air Astana’си эгаллади. Ушбу авиакомпания таклиф қилувчи егуликлар мазалиги, катта порцияси ва ичимликларнинг турфа хиллиги билан ажралиб туради.   

Кейинги ўринларни Грузиянинг Georgian Airways, Грециянинг Ellinair, Тожикистоннинг Somon Air, яна бир грек авиакомпанияси Aegean Airlines ва Молдованинг Air Moldova авиакомпаниялари эгаллаган.

Йўловчилар миллий авиакомпания таклиф қилувчи егуликларнинг катта порциясини, мазалилиги ва тўйимлилигини ижобий баҳолашган. 6 соатдан узоқроқ давом этувчи рейсларда асосий овқатга қўшимча енгил нонушта ҳам таклиф қилиниши аҳамиятга моликдир. 

Авиакомпаниянинг “Кетринг” корхонаси мунтазам равишда таомномани янгилаб туради. Унга иссиқ ва совуқ таомлар, газаклар, ичимликлар, жумладан бизнес-синф учун дунё брендлари маҳсулотлари, мевалар, кўкатлар ва сабзавотлар, сомса ва қуритилган мевалар – майиз, туршак, ёнғоқ киради. Йўловчилар истакларига кўра вегетариан, кошер (яҳудийликда рухсат этилган таом), болалар таомларини буюртма қилишлари мумкин. Бунинг учун бронлаш ёки чиптани сотиб олиш вақтида бу ҳақида маълум қилиш, сўнгра аэропортда рўйхатдан ўтиш вақтида ўз буюртмасини тасдиқлаш лозим бўлади.

Top