Закот – исломнинг бешта арконидан бири. У ҳам имон келтириш, намоз ўқиш, рўза тутиш ва ҳаж қилиш каби муҳим фарздир.
Хўш, закот кимларга, қачон ва қанча миқдорда берилиши керак?
Ўзбекистон мусулмонлар идораси фатво бўлими мутахассиси Ҳикматилло Тоштемиров шу ва бошқа саволларга жавоб сифатида ўз маълумотлари билан бўлишди.
Видео: Youtube
“Закот” арабча сўз, “барака”, “ўсиш” ва “поклаш” маъноларини билдиради. Шариатимиз истелоҳида закот – нисоб миқдоридаги мол-мулкка эга бўлган балоғатга етган, ақли расо мусулмон киши бир йил ўтгандан кейин молининг қирқдан бирини (2,5 %и) муҳтож кишиларга мулк қилиб беришидир.
Закот ҳижратнинг иккинчи йили Рамазон рўзаси билан кетма-кет фарз бўлди. Унинг фарзлигига Қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар ва умматнинг ижмоси далилдир.
Қуръони Каримнинг йигирма етти жойида намоз билан бирга зикр қилинган. Шу эътибордан закотнинг мартабаси намознинг мартабаси билан тенгдир. Демак, мусулмон инсон намоз билан закотнинг орасини ажратмайди. Бу ҳақда Аллоҳ Таоло Қуръони каримда шундай деган: “Намозни тўкис адо қилинглар, закотни беринглар ва Расулга итоат қилинглар, шоядки, раҳм қилинсангиз” (Нур сураси, 56-оят).
Закоти берилган мол ҳар қандай бало ва офатлардан сақланиши ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай ривоят қилганлар: “Молларингизни закот (бериш) билан сақлангиз...” (Имом Абу Довуд ривояти).
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Қачон молингизнинг закотини адо қилсангиз, албатта, зиммангиздаги бурчни бажарибсиз”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Зиммасига закот фарз бўлган кимса уни кечиктирмаслиги керак. Чунки, закот фақирларнинг ҳаққи бўлиб, уни бермасдан ўзида ушлаб туриш мумкин эмасдир. Имом Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳ: “Закотни қасддан бермай кечиктириб юрган кишининг гувоҳлиги қабул қилинмайди” деганлар.

















