Маълумки давлат бошқарувининг асосий ва кўп тарқалган шаклини ўзида акс этган президентлик лавозимига инсон умумхалқ сайловлари орқали сайланади. Авлоддан-авлодга ўтувчи монархия принципидан энг катта фарқли жиҳат ҳам аслида шу. Лекин дунёда ўз отасининг ўрнини бевосита ёки билвосита эгаллаган президентлар ҳам талайгина.

Кичик Жорж Буш

АҚШ президентлари орасида ота-ўғил Бушларнинг ўрни катта. 1946 йилда АҚШнинг Коннектикут штати Нью-Хэйвен шаҳрида туғилган Жорж Уокер Буш 2001—2009 йилларда мамлакатнинг 43-президенти бўлганди. Унинг отаси Жорж Герберт Уокер 41-президент сифатида 1989—1993 йилларда давлатни бошқарган.

Айнан ота ва ўғил Жорж Бушлар учунгина «катта» ва «кичик» қўшимчалари қўлланилади. Сабаби АҚШда собиқ президент атамаси қўлланмайди ва бу лавозимни эгаллаган инсон умрбод шу ном билан, фақат рақамларини кўрсатган ҳолда (масалан 41-,43-президент) номланаверади. Иккита бир хил исм-шарифли президентларнинг борлиги чалкашликларни келтириб чиқармаслиги учун «катта» ва «кичик» қўшимчалари қўлланилади.

Алиевлар сулоласи

1961 йилда туғилган Илҳом Алиев мавзунинг ёрқин қаҳрамони, лавозимни отасидан кейин бевосита эгаллаган шахс. Унинг отаси Ҳайдар (Гейдар) Алиев 1993-2003 йилларда Озарбойжон президенти бўлган. Отасининг вафотидан кейин Илҳом Алиев президентликка ўз номзодини қўйди ва шундан кейин қаторасига тўрт марта – 2003, 2008, 2013 ва 2018 йилларда сайловларда ғолиб чиққанича давлатни бошқариб келмоқда. Унинг рафиқаси Меҳрибон Алиева мамлакатнинг вице-президенти ҳисобланади. Унинг ўғли кичик Гейдар Алиев ҳали 22 ёшда ва у бизнес билан шуғулланади. 

Башар Асад

1965 йилда Дамашқда туғилган Башар Асаднинг отаси Ҳафиз Асад ўша пайтларда Сурия Ҳарбий Ҳаво Кучлари қўмондони, бригада генерали эди. Мамлакатдаги диний озчилик бўлган алавийлар оиласидан эканлигига қарамай Ҳафиз Асад давлат тўнтариши уюштиришга ва ҳокимият тепасига келишга муваффақ бўлади. Орадан кўп ўтмай у «Баас» партияси бошқарувини ҳам эгаллайди ва ваколатларини кенгайтириш билан ҳокимиятини мустаҳкамлаб олади.

Ҳафиз Асаднинг ўғли, Суриянинг амалдаги президенти Башар Асад аввалига Дамашқда, кейинчалик Буюк Британияда ўқиб, кўз шифокори дипломини олади ва маълум муддат соҳаси бўйича ишлайди ҳам. Ўша пайтларда унинг президентлик амбицияси бўлмаган. Сабаби Ҳафиз Асаднинг режасига кўра мамлакат бошқаруви дастлаб укаси Рифатга берилиши керак эди. Аммо акасини муддатидан олдин ағдаришни режалаштирган уканинг сири фош бўлиб, бадарға қилинади. Шундан сўнг валиаҳдлик катта ўғил Босилга ўтади.