Олдинга ўтиб бир нарсани айтиб ўтай бу мақолани ёзишдан кўра, ёзмасликка кўпроқ ҳаракат қилгандим. Тахминан бир йилча олдин шундай мақола ёзиш ғояси туғилган бўлса-да, доим бу фикрдан қайтишга уринганман. Чунки барча ўйлаганларим хато бўлиб чиқишини истардим. Афсуски, ҳар сафар аксинча бўлиб чиқаверди. Сўнггиси ўтган ҳафта охирида содир бўлди.

2016 йилги Рио олимпиадаси ўзбек бокси учун бутунлай янги даврни бошлаб берди десак янглишмаган бўламиз. Ўша август Ўзбекистонда биринчи рақамли спорт тури қайси деган саволни ҳам ўртага чиқарганди. Боксга бўлган қизиқиш кескин равишда ошганди. Ўзбек боксчиларига бўлган эътибор ҳам худди шу даражада ўсганди. Айнан ўша паллаларда ўзбек профессионал боксида янги ном — Шоҳжаҳон Эргашев пайдо бўлди. Аввалига «17 ёшли нокаутчи» номи билан интернетда донг таратган бу боксчи кўпчиликнинг оғзига тушди. Ўшандан кейин бу спортчи ҳақида маълумот тўплаш ниятида интернет орқали қидирувлар бердим. Боксчиларнинг статистикалари, барча натижалари ҳақида тўлиқ маълумотни топиш мумкин бўлган Boxrec портали орқали унинг ёши (ўша вақтда Эргашев 25 ёшда эди) каттароқ экани, Россияда жангларда иштирок этишини аниқладим. Бу орада ўзбек спорт нашрлари у ҳақида бот-бот ёза бошлаганди. Ўшанда эътибор қаратганим, негадир Шоҳжаҳоннинг ўзига таяниб матбуотда унинг жанглари сони биттага кўпайтириб берилар, аммо Boxrecʼда бу кўрсаткич битта кам чиқарди. Агар ростдан қизиқсангиз, эски архивдаги хабарларини бир излаб кўринг: масалан Шоҳжаҳоннинг нисбатан жиддийроқ илк жанги - Сонни Фредриксонга (21-1, 14 КО) қарши жанг унинг фаолиятидаги 11-жанги бўлган. Лекин деярли ҳамма хабарларда бу 12-жанг сифатида кўрсатилганди.

Кейинги ҳам худди шундай саноқда давом этган. Фақат Майкал Фоксга қарши жанггача. Иши фақат ғалабани ёзиш, бевосита алоқадор бўлмаса ҳам профессионал боксдаги ғалабаларни (албатта мағлубият ёзилмайди) доим ёритиб борадиган Миллий олимпия қўмитаси расмий сайтидаги Шоҳжаҳон ҳақидаги хабарларни ўқиб кўринг. Ҳаммасида шунақа - албатта битта жанг кўпайтириб кўрсатиб келинган. Юқорида айтганимдек, Фокс билан жангдан кейин негадир ҳисоб-китоблар тўғри бўлиб қолди.

Қисқаси мана шу ҳолат бошида менга бироз ғалати кўринганди. Техник хатодир, алдашмаётгандир деб кўпам эътибор бермадим. Аммо Шоҳжаҳоннинг кейинги фаолияти ҳақидаги хабарлар борган сари ғалатилашиб бораверди. Эҳҳе, у ҳақда қандай хабарлар чиқмади дейсиз, унинг қўли синсаям, рингга чиққани ҳақида ёзишди, Москвадаги жанглари асосий спорт канали «Матч ТВ», «Бокс Тв» каналлари орқали намойиш этилишини ёзишди.