Тобора кўп мамлакатлар циркдаги чиқишларда ҳайвонларнинг иштирокидан воз кечмоқда. Бу жониворларни оғир ҳаёт шароитлари ва зўравонликдан ҳимоя қилади. Бироқ томошалар завқини камайтирмайди. Ахир, одамлар янги трюк ва декорацияларни ўйлаб топишади. Айрим вақтларда эса замонавий технологиялар уларга ёрдамга келади. Roncalli немис цирки ана шуни муваффақиятли тарзда намойиш этди – у ерда саҳнага жониворлар ўрнига уларнинг голограммалари чиқди.
AdMe.ru немис артистларининг топқирлиги ва ижодкорлигига қойил қолди ва жониворлардан фойдаланмаган ҳолда машҳурликка эришган бир неча машҳур циркларни танлашга қарор қилди.
Cirque du Soleil

Дунёдаги энг машҳури, албатта, Cirque du Soleil. У мана 35 йилдан бери мавжуд ва турли труппалардаги 4 мингга яқин артистларга эга. Илк кунларданоқ цирк томошаларда жониворлардан фойдаланмайди. Асосий урғуни акробатик номер ва ғаройиб дизайнга қаратади. Айнан Cirque du Soleil цирк санъати ҳақидаги мавжуд тасаввурларни ўзгартириб, кўпчиликни ҳайвонларни томоша кўрсатишга ўргатишдан воз кечишга ундаган деб ҳисобланади.
Хитой давлат цирки

Бу дунёдаги энг қадимий цирк – унинг ёши 2 минг йилга яқин. У томошабинларни ғаройиб чиқишлар, фақат шаолин монахларигина бажара оладиган мураккаб трюклари билан ҳайратга солади. Артистлар чиқишларга жониворларни жалб этишмайди.
«Она Африка» цирки

Цирк Шарқий Африканинг турли бурчакларидаги 40 дан ортиқ артистларни бирлаштирган. Уларнинг чиқишлари жуда ранг-баранг ва жўшқин: мураккаб акробатик томошалар миллий мусиқа ва рақслар билан алмашади. Цирк артистлари илк даврларданоқ жониворлар чиқишларидан воз кечишган ва ўз кучлари билан машҳурликка эришишган.















