Шу кунларда Қарши шаҳри газ идорасига иши тушган деярли ҳамманинг оғзида бир гап: «Қарзим йўқ, аммо фалон сўм пеня чиқибди. Тўламаса бўлмасмиш». Бу ҳолга фақат бир-икки киши дуч келган бўлса ҳам майли эди. Тушунса бўларди. Ахир интизомсиз истеъмолчилар ҳам йўқ эмас-да орамизда. Бироқ қизиғи, дабдурустдан хабари берилган ушбу «сийлов»дан бебаҳра одамни учратмайсиз ҳисоби. Бевосита жойига бориб ўрганиш асносида ҳам бунга тўла ишонч ҳосил қилдик.

Одамлар нима дейди?

Кимдир пеня хабарини эшитиб саросимага тушган, кимнингдир жиғибийрони чиққан. Буни уларнинг юзи-ю сўзидан билиш ҳам қийин эмас. Ҳайратдан ёқа ушлаётган истеъмолчилар ҳам топилади. Айримларини суҳбатга тортдик.

«Қарзни тўлайман, деб келсам 235 минг сўм пеня чиқариб ўтирибди. Компьютерга қараб айтишди. Ҳисоблагич бўйича ўтган ой 6 минг сўм ишлаган. Доим ойма-ой тўлов қилиб келганмиз. Ортиқчаси билан 50 минг сўм тўламоқчи эдим. Энди бу аҳвол. Нега бундай қилишади, ҳайронман. Йўқ жойдан пеня деб турса. Оилада бир ўзим ишлайман. 500 минг сўм маош оламан. Осонмас-да. Қай бирига етказаман?!», дейди Қарши шаҳри «Кат» маҳалласида яшовчи Тамара Икромова.

«Чақар» маҳалласидан Гулбаҳор Худоёрова ҳам интизомли истеъмолчи бўлиш пайидаги фуқаролардан. Ўзи пенсионер. Ўтган ой фойдаланилган табиий газ учун қарздорликни сўндиргани келган. Қарздан қутулгани етмаганидек, абонент дафтарчаси устига «186 минг сўм пеня», деб ёзиб қўйишибди. Шошиб қолган аёл 150 минг сўмини тўлаб ҳам берибди.

Қарши шаҳри «Гулшан» маҳалласида истиқомат қилувчи Нигора Ҳамидова хонадонига газ учун 1 миллион сўмдан зиёд пеня ҳисобланган.

«Яшаб турган уйимизни 2017 йилда бировдан сотиб олганмиз. Нотариусдан ўтказгунча, уй эгаси «МИБдан газдан қарзи йўқ», деган маълумотнома олиб келиб берувди. Тартиби шундай экан. Бугун билсак, 5-6 йиллигини кўтаришибди. Бизда шунча пеня бор экан. Қизиқ, қарзи бўлмаса, пеня қаёқдан келди?! 100 мингнинг нари-берисида бўлса ҳам бошқа гап эди. Тўлаб кетардим. Қаердан топаман бунча пулни? Мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайман. Коммуналдан қарзи йўқ, деган «справка» талаб қилишади. Шунга келувдим ўзи. Энди бу пеняни ойлигимдан ушлаб қолишмаса яхши эди. Қийналиб топган пулимизни емай-ичмай, шу пеняга ишлатамизми?!», - дейди у.