Андижон шаҳридаги “Холис” савдо комплекси вилоят марказидаги ҳар куни иш олиб борувчи ва энг гавжум бозорлардан бири. Бу ерда асосан кийим-кечак, маиший техника ва рўзғор учун зарур бўлган турли буюмлар сотилади. Умумий майдони 1,8 гектар. Ҳужжатларга кўра, комплексда 560та турғун савдо шохобчалари фаолият юритади.

13 июнь куни “Холис”да савдо қилувчи тадбиркорлар бозорнинг 10 кун муддатга ёпилиши ва мажмуада текширишлар давомида аниқланган камчиликлар бартараф қилингач, қайта очилиши ҳақида огоҳлантирилдилар.  

Бозорга шаҳар ҳокими бошчилигидаги ишчи гуруҳ келиб, савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлар билан суҳбат ўтказди. Савдо мажмуаси майдончасида мутасаддилар бозорнинг нега ўн кунга ёпилиши ҳақида тушунча бериб ўтишди.

Табийки, бозорнинг  вақтинча ёпилиши ҳақидаги хабар савдогарлар норозилигига сабаб бўлмоқда. Чунки “Холис” бозорида 1500га яқин дўкончилар фаолият юритади. Уларнинг оилалари тирикчилик манбаи мана шу дўконлардаги савдодан. 

Андижон шаҳар ҳокимлиги бизга “Холис” бозори фаолиятининг тўхтаб туриши сабаблари бўйича маълумотларни тақдим қилди.

Шаҳар ҳокими томонидан 10 июнь куни “Андижон шаҳар “Холис” МЧЖга қарашли Андижон шаҳар Бобур шоҳ кўчаси 28-манзилда жойлашган савдо комплекси фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида”ги 407-Қ қарорини қабул қилинган. Унда Вазирлар Маҳкамасининг 2000 йил 12 август кунги 315-сонли ҳамда 2012 йил 23 августдаги 253-сонли қарорлари талаблари ижросини таъминлаш мақсадида Андижон вилояти ҳокимлиги ишчи гуруҳининг “Холис” савдо комплексида ўтказган ўрганиши тақдимномасига асосан қарор қабул қилинганлиги таъкидланади.

Қарорда ўрганиш давомида аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари бартараф этилгунга қадар “Холис” савдо комплекси фаолиятини 10 кунга қадар тўхтатиб туриши, МЧЖ раҳбарига аниқланган қонун бузилишларини бартараф этиш чораларини кўриш белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, ҳужжатда савдо комплекси ҳудудида фаолият юритувчи юридик ва жисмоний шахслар ўртасида тушунмовчилик, норозилик ва бошқа салбий ҳолатлар келиб чиқмаслиги учун тушунтириш профилактика ишларини олиб бориш учун ишчи гуруҳ тузилиши ҳам қайд этилган. Ишчи гуруҳ раҳбари А. Ҳошимовга тадбиркорларга қарор моҳиятини тушунтириш билан биргаликда, тадбиркорларга ўн кун давомида савдо билан шуғулланишни ҳудудга яқин бўлган бошқа бозорларда давом эттириш учун зарур бўлган чораларни кўриш юклатилган.