1994 йилда бразилиялик фотожурналист Себастьян Сальгадо Руандадаги қатлиом даҳшатларини суратга олиб, уйига қайтди. У Бразилиядаги ўзи туғилган Минас-Жерайс ҳудудидаги чексиз ўрмонларда хотиржамликда яшаб ўзига келмоқчи бўлди.

Аммо у бу ерда кўрганидан даҳшатга тушди: бир неча йил ичида ям-яшил ва жониворларга бой бўлган ўрмон қуриган дарёлар қолган ташландиқ ерга айланган, бу ердаги ёввойи табиатдан асар ҳам қолмаганди.
Бир пайтлар ўрмон бўлган ернинг атиги 0,5 % ҳудудидагина дарахтлар қолганди.

Шунда унинг турмуш ўртоғи Лелия бир таклиф билан чиқди. У ўрмонни аввалги ҳолига қайтариш учун ҳаракат қилишлари кераклигини айтди. Себастьян уни қўллаб-қувватлади ва оила илгариги ўрмон ҳудудига дарахт экиб чиқишга қарор қилди.
Сальгадолар дастлабки уруғларни 1998 йилда экишди, аммо бундай улкан ҳажмдаги иш учун икки киши камлик қиларди. Майдони 1 754 акр бўлган ўрмонни тиклаш учун улар 24 кишини ёллашди.


Шу билан бирга Себастьян бу лойиҳани молиялаштирадиган ва қўллаб-қувватлайдиган ҳамкорларни ҳам излади. Ўз миссиясига бошқаларнинг эътиборини тортиш учун оила Instituto Terra экологик ташкилотини тузди.

1998 йилдан буён улар 293 турдаги 4 млн тупдан ортиқ дарахт ўтқазишди ва 1 502 акр тропик ўрмон тикланди. Ташландиқ ерга айланиб қолган ҳудуд илгариги ҳолига қайтди.



















