«Жиззах вилояти Шароф Рашидов тумани ҳокими айрим фермерлар режадан ортиқ буғдой бермагани учун уларнинг далаларидаги ғалла ўриб олинишини тақиқлаб қўйди. Туман ҳокими Зойир Мирзаев режа бажарилиши учун шартномадан ташқари яна 3 центнердан буғдой топширишни талаб қиляпти. Шартномага асосан ҳар гектаридан 5 центнер буғдой топширишимиз керак, лекин 8 центнер топширишга мажбурмиз. Буни топширмасдан иложимиз йўқ. Бизнинг ўз ҳаққимиз бўлган буғдойимизни қақшатиб ўриб кетишадими? Ахир, шартномадан ортиғи деҳқонники бўлиши керак эмасми? Бизда ҳам бола-чақа бор, умид билан шу буғдойдан тегармикин, деб мўлтираб турган ишчиларимиз бор. Қўшимча мажбурият, муттаҳамликдан бошқа нарса эмас», дея Kun.uz’га мурожаат йўллашган тумандаги «Равот» маҳалла фуқаролар йиғинидаги бир гуруҳ фермерлар.
Вазиятни ўрганиш мақсадида Шароф Рашидов туманидаги фермерлар билан учрашдик.


— «Равот» — осмонга қараган юрт, дейди эскилар. Мен бежиз бу иборани келтирмадим. Биз лалми ерларда меҳнат қиламиз. Йигирма йилдан бери фермерман, айни дамда 67 гектарли фермер хўжалигини ўғлим бошқаради. Бу йил ёғингарчилик яхши келгани туфайли, Худога беҳисоб шукр, яқин беш йилда ололмаган ҳосилимизни оляпмиз. Ўтган йили режани бажара олмаганимиздан етмаган буғдойни бозор нархида сотиб олиб давлатга топширганмиз. Яширишдан нима фойда? Аммо бу йилги ҳосилни кўриб ўтган йилги қийинчиликларимиз эсдан чиқди, деб қувонганимизда, бари бекор эканлигини билдик.
Гап шундаки — жорий йилнинг 5 июнь куни туман ҳокими Зойир Мирзаев «Равот» МФЙда йиғилиш ўтказган. Шу йиғилишда барча фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этишган. Ҳоким барча фермерларга йиғилишда шартномада белгиланган 5 центнер ўрнига 8 центнер ғалла топшириш кераклигини айтибди. Рози бўлмаган фермерларнинг даласига комбайн берилмаслигига эътироз билдирганларга «яна 3 центнердан берсанг, ўриб беради, бўлмаса йўқ», дебди.
Шунча меҳнат қилсак, шартномани бажарсак, ўзимизнинг ва ишчиларнинг ҳақи қолган бўлса, шуни ҳам ололмасак, ахир бу нима деган гап, ҳосилни кўриб биз фермерлар ҳам жуда хурсанд бўлган эдик. Лекин, дўппини сал эртароқ осмонга отибмизми, дейман. Чунки, аввалги йиллар қандай бўлган бўлса, ўшандай сиёсат давом этяпти. Яна фермерлар устидан зўравонлик, яна режа бажарилиши учун фермерларни қақшатиш... Ахир, бу жазирама кунларда буғдойнинг далада қолиб кетиши, камида 10 фоиз ҳосилни йўқотиш, дегани. Чунки, буғдой қуриб-қақшаб кетса, комбайн ўраётганда 10 фоиз бошоқ синиб йўқ бўлади», — дейди Даврон ота Аҳмедов



















