08:10 / 19.06.2019
33455

«Тошкент» автовокзалига яна 68 та Yutong автобуси олиб келинди

“Тошкент” автовокзалига Хитойнинг “Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.” компаниясида ишлаб чиқарилган 68 та Yutong автобуси олиб келинди. 

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда сўзга чиққан Транспорт вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Маҳкамов, Хитойнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Цзян Янь ва бошқалар Ўзбекистонда аҳолига сифатли транспорт хизмати кўрсатиш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтишди.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан “Тошкент” автовокзали тубдан реконструкция қилиниб, илғор технологиялар билан жиҳозланди. Меҳмонхона, она ва бола, тиббиёт хоналари, савдо дўконлари, аёллар ва эркаклар учун алоҳида намозхоналар ташкил этилди. Автовокзалда 31 перрон ва 80 автобус учун жой мавжуд. Вокзалда бир вақтнинг ўзида 2 мингдан зиёд йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти яратилди. Маҳаллий ва халқаро йўналишларда қатновлар йўлга қўйилди.

Аввалроқ 100 та автобус олиб келинганди. 51 йўловчига мўлжалланган ушбу автобусларда йўловчилар учун барча қулайликлар муҳайё қилинган: юмшоқ ўриндиқлар тепасида ҳаво дефлектори, индивидуал ёритиш чироқлари, кондиционер, карнай жойлашган, телефонни қувватлаш қурилмаси мавжуд. Йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун кузатув камералари ўрнатилган.

Ҳозирда “Тошкент” автовокзалидан Самарқанд, Бухоро, Янгиер, Зомин, Жиззах, Қарши, Қоракўл, Гагарин, Термиз, Урганч, Денов каби 11 шаҳарлараро ва Қозоғистоннинг Тараз, Туркистон, Ушкунур, Олмаота шаҳарларига халқаро йўналишларда мунтазам автобус қатновлари амалга оширилмоқда.

Тез кунларда Қирғизистон, Тожикистон, Россия ва Қозоғистоннинг яна бошқа шаҳарларига халқаро автобус қатновларини йўлга қўйиш режалаштирган.

Тадбирда “Uzautotrans Service” МЧЖ корхонаси ва Хитойнинг “Zhengzhou Yutong Bus Co. Ltd.” компанияси ўртасида ҳайдовчи ҳамда техник ходимларнинг малакасини ошириш борасида илмий-техник ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди.

 

Top