Норвегиянинг етакчи жамоат транспорти оператори Хитойда ишлаб чиқарилган янги электробусларнинг синовлари ишлаб чиқарувчи уларни масофадан туриб ўчириши мумкинлигини кўрсатганидан сўнг, янада қатъий хавфсизлик талабларини жорий этиш ва ҳакерларга қарши кураш чораларини кучайтиришни эълон қилди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Ruter транспорт операторининг маълум қилишича, синов натижалари (улар ўтган ҳафтада эълон қилинган) шуни кўрсатдики, Хитойнинг Yutong Group автобус ишлаб чиқарувчиси дастурий таъминотни янгилаш ва диагностика қилиш учун уларнинг бошқарув тизимларига масофадан кириш ҳуқуқига эга бўлган.
«Назарий жиҳатдан бу автобусга таъсир қилиш учун ишлатилиши мумкин», дейилади хабарда.
Yutong компанияси вазиятга изоҳ бериш ҳақидаги сўровларга дарҳол жавоб бермаган.
Ушбу масалани ёритган Guardian газетаси Хитой компаниясининг ўз транспорт воситаларини эксплуатация қилиш жойларидаги қонун ва қоидаларга «қатъий риоя қилиши» ҳақидаги баёнотига таянган. Баёнотда айтилишича, компания автобуслари ҳақидаги маълумотлар Германияда сақланади.
Газетанинг Yutong компанияси номини ошкор қилмаган вакилига таяниб таъкидлашича, маълумотлар шифрланган ва «фақат мижозларнинг сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш эҳтиёжларини қондириш учун транспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш, оптималлаштириш ва такомиллаштириш учун ишлатилади».
Yutong сайтидаги маълумотларга кўра, сўнгги ўн йилликларда компания Европа, Африка, Лотин Америкаси, Осиё ва Тинч океани минтақасида ўн минглаб транспорт воситаларини сотган.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, «ишлаб чиқарувчи дастурий таъминотни янгилаш ва диагностика қилиш учун ҳар бир автобусга тўғридан-тўғри рақамли кириш имкониятига эга», деди Норвегия жамоат транспортининг Ruter компанияси.
Электромобилларни масофадан бошқариш билан боғлиқ хавотирлар янгилик эмас: АҚШ регуляторлари январь ойида Tesla компаниясининг ҳайдовчиларга ўз транспорт воситасини масофадан бошқариш имконини берувчи технологиясидан фойдаланиш билан боғлиқ авариялар ҳақидаги хабарлардан сўнг унга қарши тергов бошлаган эди.
Yutong автобусларини одам бошқаради - бу Калифорния ва Хитойдаги такси ва шатллар каби ҳайдовчисиз транспорт воситаси эмас.
Автобуслардаги камералар интернетга уланмаган, шунинг учун «автобуслардан тасвир ёки видео узатиш хавфи йўқ», деди 100 дан ортиқ Yutong автобуслари бўлган Ruter компанияси. Автобусларни масофадан бошқариш имконсиз, дея қўшимча қилди компания.







