Жаҳон | 14:50 / 20.06.2019
8123
2 дақиқада ўқилади

Малайзия бош вазири МН17 ҳалокати бўйича тергов хулосаларини исботсиз деб атади

МН17 ҳалокати бўйича қўшма тергов гуруҳининг хулосалари аввал-бошданоқ сиёсий тусда ва исботсиз эди, деди Малайзия бош вазири Муҳаммад Махатхир. Унинг сўзларини маҳаллий Malay Mail газетаси келтирмоқда.

"Жудаям хафамиз, чунки аввал-бошданоқ бу Россияни қандай бўлмасин ҳуқуқбузарликда айблашга қаратилган сиёсий масалага айланган эди", — таъкидлади Малайзия бош вазири.

Унинг эслатишича, Москвани "ҳали тергов бошланмай туриб айблашни бошлашган".

"Энди эса исбот бор дейишмоқда. Айни пайтда исбот йўқ, шунчаки миш-мишлар бор", деб қўшиб қўйди Махатхир.

Тергов сиёсий тусда бўлмаслиги, балки исбот билан мустаҳкамланиши борасида малайзия ташқи ишлар вазирлиги ҳам баёнот берди.

Куни кеча халқаро терговчилар гуруҳи MH17 рейси ҳалокатига алоқадорликда гумон қилинаётган тўрт кишининг кимлигини маълум қилди. Айтилишича, гумондорлар Россия фуқаролари Игорь Гиркин (Стрелков), Леонид Харченко, Олег Пулатов ва Украина фуқароси Сергей Дубинскийдир. 

2018 йил майида тергов гуруҳи йўловчи самолёти Россия қуролли кучларининг “Бук” ракетасидан уриб туширилгани ҳақидаги хулосага келган, бироқ бунга ким жавобгарлигини ўрната олмаган.

Malaysia Airlines’нинг Амстердамдан Куала-Лумпурга MH17 рейси бўйича йўналаётган самолёти 2014 йил ёзда Украинанинг Донецк вилоятида ҳалокатга учраган. Унинг бортида бўлган 298 кишининг барчаси ҳалок бўлган. Воқеани тергов қилувчи қўшма тергов гуруҳи таркибига Австралия, Бельгия, Малайзия, Нидерландия ва Украина вакиллари кирган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид