Ўзбекистон парламентининг юқори палатасига илк маротаба аёл киши раҳбарлик қиладиган бўлди. 20 июнь куни Сенат ялпи мажлисида президент Шавкат Мирзиёев тақдимига биноан Танзила Норбоева Сенат раиси этиб сайланди.
Бунгача Хотин-қизлар қўмитасига раҳбарлик қилиб келган Норбоева янги лавозимида бош прокурорликка ўтган Ниғматилла Йўлдошевнинг ўрнини эгаллади.
Ялпи мажлисда 81 нафар сенатор Норбоева номзодини ёқлаб овоз берди, 2 сенатор бетараф қолди, «қарши» овоз берганлар бўлмади.
Сенатнинг тўртинчи раиси

Танзила Камоловна – Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи раисидир. Мамлакатда икки палатали парламентаризмга ўтилган 2005 йилдан буён қонун чиқарувчи ва вакиллик органининг юқори палатасини Мурод Шарифхўжаев, Илгизар Собиров ва Ниғматилла Йўлдошев бошқариб келган.
Ўзбекистон Сенатининг илк раҳбари, академик Мурод Шарифхўжаев бу лавозимда бир йил фаолият юритгач, 2006 йил февралида соғлиги билан боғлиқ муаммо туфайли истеъфога чиққан.
Шарифхўжаевдан кейин Сенатга раҳбарлик қилган Илгизар Собиров ҳам, Ниғматилла Йўлдошев ҳам суд-ҳуқуқ соҳаси вакили эди. 2006-2015 йилларда бу лавозим эгаси бўлган Собиров бунгача суд, адлия ва ҳокимият органларида ишлаган бўлса, ундан кейин келган Йўлдошев прокуратура ва адлия органларида узоқ йиллик иш тажрибасига эга эди.
45 йиллик меҳнат фаолияти

Сенатнинг илк аёл раиси сифатида Ўзбекистон тарихидан жой оладиган 63 ёшли Танзила Норбоева меҳнат фаолиятини бошлаганига 45 йил бўлган.
У 1956 йилда Андижон вилояти, Шаҳрихон туманида туғилган. Маълумоти олий, 1981 йилда Тошкент давлат университетини битирган. Педагогика фанлари номзоди.
Иш фаолиятини 1974 йилда Андижон вилояти Шаҳрихон шаҳридаги 1-мактаб ёшлари етакчиси лавозимидан бошлаб, 1975-1995 йиллари Тошкент шаҳрида мактаб ўқитувчиси, директор ўринбосари ва Тошкент шаҳар ўқувчилар уйи директори, кейинчалик турли даражадаги давлат органларида масъул лавозимларда ишлаган.
1995-2010 йиллари Бош вазир ўринбосари котибияти мудири, Оила, оналик ва болаликни ижтимоий муҳофаза қилиш мажмуаси раҳбари котибияти мудири, Вазирлар Маҳкамаси Таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий муҳофаза масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти етакчи мутахассиси, бош мутахассиси лавозимларини эгаллаган.






















