Жаҳон | 08:20 / 21.06.2019
21441
2 дақиқада ўқилади

Тбилисида Россия думаси депутати сабабли норозилик намойишлари бошланди

Фото: AP Photo/Zurab Tsertsvadze

20 июндан 21 июнгача ўтар кечаси Тбилисида Грузия парламенти биноси ёнида кўп минг кишилик норозилик намойиши бўлиб ўтди. Намойишнинг бошланишига Россия давлат думаси депутати Сергей Гаврилов ва Халқаро православия ассамблеяси 26-сессиясидаги бошқа россиялик делегатлар иштирокидаги можаро сабаб бўлган.

Гап шундаки, Гаврилов ассамблея президенти сифатида Грузия парламенти биносида сессия йиғилишини очиб берган. Грузия парламенти мухолиф депутатлари Гаврилов делегатларга парламент раиси курсида ўтириб мурожаат қилганидан аччиқланишган. Мухолифат вакиллари норозилик сифатида трибуна ва парламент спикери курсисини ўраб олиб, ассамблея ишининг давом этишига йўл беришмаган. 

Шундан кейин парламент биноси ёнида соат 19:00 атрофида мухолифат чақириғига кўра одамлар йиғила бошлаган. Улар Гавриловни Грузияга қўйган ички ишлар вазири Георгий Гахария ва парламент раиси Ираклий Кобахидзенинг истеъфосини талаб қила бошлашган. Кейинроқ намойишчилар парламент биносини штурм қилишга уринишган. Полиция намойишни тарқатиш учун махсус воситалар – сувотгичлар, резина ўқлар ва кўзни ёшлатувчи газ қўллашига тўғри келган.

Мухолифат бўлиб ўтган воқеада ҳукуматни, ҳукумат ўз навбатида мухолифатни адоватни қўзғашда айблаган.

Маълум қилинишича, намойишлар вақтида 52 киши, жумладан 38 полициячи жабр кўрган. Шифохоналарга бир неча ўн киши етказилган. 

Кейинроқ Халқаро православия ассамблеяси ишини якунлаш ва Россия делегациясининг Грузияни тарк этишига қарор қилинган. Грузиянинг ҳукмрон партияси “Грузия орзуси – Демократик Грузия” вакиллари Россия вакили йиғилишни очиши кераклигини билмаганлари ва протокол хизмати томонидан хатога йўл қўйилганини айтишган.

Мавзуга оид