«Саккизинчи»ни олдирмаслик қолган тишлар зарарланиши ва оғриқли дақиқаларингиз кўпайиши эҳтимолини ошириши мумкин.
Ақл тишлари нима ўзи ва улар бизга керакми?
Бизга вояга етган соғлом одамда 32та тиш бўлади, деб ўргатишган. Бироқ, бу анча эскирган маълумот.
Аслида замонавий тиббиётда 28та тиш норма ҳисобланади. Баъзида рудиментар (қолдиқ) тишлар ўсиши ҳисобига миқдор 32тагача ҳам етиши мумкин.
Инсониятнинг стоматологик тарихига назар ташласак, шундай манзара пайдо бўлади: қадимда одамлар хом гўшт, илдиз, ўсимликларнинг қаттиқ пояси кабиларни узоқ чайнаш орқали кун кечиришган, бунинг ортидан уларнинг жағи ва оғиз бўшлиғи ҳозирги замон одамининг жағидан бир мунча кенгроқ бўлган. Шу сабабли тепада 16та ва пастдаги яна шунча тиш бемалол ўрнашган, жами 32та.
Бироқ, вақт ўтиши билан инсонлар иссиқ таом тановул қилишга ўтишди ва чайнашга қулай катта юзали озиқ тишлар йўқолишни бошлади. Шунингдек, инсон мияси ҳам ҳажман катталашиб, жағ суягини бирмунча сиқиб борди.
Барча жараёнлар натижасида жағ соҳаси кичрайиб борди. Энг четки чайнайдиган тишлар — учинчи озиқ ёки саккизинчилар — кераксизга айланди. Хусусан, ҳозирга кунда аксарият одамларда ақл тишлари йўқ. Лекин ҳаммада ҳам эмас.
Баъзи одамларнинг жағида ортиқча жой бўлмаса ҳам, ушбу рудиментар тишлар милкни тешиб чиқишга жон-жаҳди билан уринади. Одатда бу ҳолат болалик даври тугагандан сўнг, 17-25 ёшда содир бўлади. Айнан шу сабабли, учинчи озиқлар ақл тишлари номини олган.
Ақл тишларини олдириш шартми?
Йўқ. Инсон танасида бошқа рудиментлар ҳам мавжуд ва улар билан келишиб яшаш вазифасини организм жуда яхши уддалайди. Масалан, думғаза суяги, кўричак ёки қулоқни қимирлатиш имконини берувчи мушаклар. Шифокорларнинг таъкидлашича, рудиментлар сизга ноқулайлик туғдирмаса, уларга тегмаган маъқул: жарроҳлик амалиёти асорати сиз кутган фойдадан ёмонроқ бўлиши мумкин.
Ўсиб чиққан ақл тишларни қуйидаги ҳолатларда тинч қўйиш керак:
соғлом ва сизга ноқулайлик туғдирмаса;
тўлиқ ўсган бўлса;
тўғри жойлашган бўлса (вертикал ҳолатда: илдизи ичкарида, тожи ташқарида);
тозалаш осон бўлса.
Жағда ақл тишлари учун етарли жой бўлганда ҳам олдириш шарт эмас.
Бироқ, баъзи стоматологлар рудиментларни кун келиб муаммо чиқарувчи ва нима бўлганда ҳам халос бўлиш керак юк деб ҳисоблашади. Лекин, асраб қолишга ҳам сабаблар мавжуд. Масалан, улар бошқа тишлар олдирилганда қўйилувчи протезлар учун устун бўлиб хизмат қилиши мумкин.
















