Kun.uz сайтида жорий йилнинг 21 февраль куни «Ҳушёрхона»дан ҳушёр бўлинг: Навоийдаги тинчи бузилаётган бир маҳалла ҳақида» сарлавҳали танқидий мақола эълон қилинган эди.
Унда Навоий шаҳридаги «Бинокор» маҳалласи аҳолиси бир неча йиллардан буён ҳадик ва қўрқувда яшаётгани, бунга эса маҳалладаги аҳоли хонадонлари орасида жойлашган Навоий вилояти наркология диспансерига қарашли «Мастлик ҳолатини аниқлаш хонаси» ва «Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пункти» атрофидаги можаролар ва бошқа салбий ҳолатлар сабаб бўлаётгани ёритилган эди.

Мазкур масканларга ички ишлар ходимлари томонидан ҳайдовчилар спиртли ичимлик истеъмол қилганини аниқлаш учун, маст фуқаролар эса уларга тиббий ёрдам кўрсатилиши учун олиб келинади.
«Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пунктига олиб келинган фуқаролар бир неча соат ўтиб шу ердан қўйиб юборилади. Айримлари маҳалла ҳудудининг ҳар жойида ётиб олишади. Бундайларнинг маҳалла ҳудудидан қачон ва қандай ҳолатда чиқиб кетиши аниқ эмас. Ахир, бу пункт уйимиз қаршисида жойлашган. Маҳалла аҳолиси фарзандлари хавфсизлигидан доим хавотирда яшайди. Қолаверса, фарзандларимиз кўча-кўйда юрганда бундай шахсларни турли ҳолатларда кўради. Бу фарзандларимиз тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Улар ҳам доим қўрқувда юради. Маҳалла аҳолиси фарзандлари кўчага чиқаришга қўрқади. Бу муаммо бизни бир неча йиллардан буён қийнаб келади. Аввал ҳам ҳокимликлар ва мутасадди ташкилотларга мурожаат қилганмиз. Аммо масала ижобий ечим топмаяпти», – дея эътирозларини билдирган эди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Назира Раҳимова.
Маҳалла аҳолисининг сўзларини исботловчи суратлар ҳам келтирилганди.


Ўрганишимиз давомида ушбу масала юзасидан «Бинокор» маҳалласи раиси Жобир Мирзаев ҳам ўз фикрларини айтган эди.
«Бу ерга ички ишлар ходимлари томонидан маст ҳолатдаги шахслар олиб келинади. Шу ернинг ўзида турли низолар келиб чиқади. Айниқса, тунда. Маст ҳолдаги фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатиш ва реабилитация пунктидан қўйиб юборилган шахслар бир-бирлари билан ўзаро жанжаллашади. Бақир-чақирдан маҳалла аҳолисига тинчлик йўқ. Бу масканларни маҳалла ҳудудидан кўчириш борасида ҳокимият вакилларига бир неча бор мурожаат қилганмиз. Аммо бирор фойдаси бўлгани йўқ», – деган эди Мирзаев.





















