Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқи ЎзА сайтида тўлиқ тақдим этилди.

Ассалому алайкум, муҳтарам Сенат аъзолари!

Ҳурматли ялпи мажлис қатнашчилари!

Авваламбор, бугун сиз, азизлар билан учрашиб, барчангизни соғ-саломат, яхши кайфиятда кўриб турганимдан мамнунман.

Шу имкониятдан фойдаланиб, сизларга ўзимнинг юксак ҳурматим ва самимий тилакларимни билдираман.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг бугунги ялпи мажлиси барқарор миллий тараққиётимизнинг янги босқичида, жамиятимиз ҳаётининг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ва шиддатли демократик ислоҳотлар жадал олиб борилаётган масъулиятли бир даврда бўлиб ўтмоқда.

Ҳозирги кунда кўпмиллатли халқимиз мамлакатимизда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилган устувор мақсад ва вазифаларни амалга ошириш йўлида баҳамжиҳат бўлиб, қатъият ва фидойилик билан меҳнат қилмоқда.

Олдимизга қўйган улкан марраларга эришиш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятлари сафарбар этилмоқда. Айниқса, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш ва либераллаштириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, самарали ташқи сиёсат олиб боришдек устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Халқ билан доимий ва тизимли мулоқот асосида умумий сони 33 миллиондан ортиб бораётган аҳолимизнинг ҳуқуқлариэркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш борасида янги қадамлар қўйилмоқда. Жумладан, иқтисодиёт соҳасида ижтимоий йўналтирилган ҳақиқий бозор муносабатларини жорий этиш, тадбиркорлик, хусусий мулк ривожига кенг йўл очиб бериш, замонавий ишлаб чиқариш корхоналари ва инфратузилмаларини ташкил этиш масалаларига биринчи даражали аҳамият берилмоқда. Янги иш ўринлари яратиш, замонавий уй-жойлар, йўл ва кўприклар, болалар боғчалари, мактаблар ва олий ўқув юртлари, шифохоналар, маданият ва санъат, спорт масканларини барпо этиш, бир сўз билан айтганда, халқимизнинг ҳаёти обод ва фаровон бўлишига эришиш, уни рози қилиш – барча бўғиндаги раҳбар ва мутасаддиларнинг фаолият мезонига айланмоқда.