Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани Шарғун шаҳарчасида истиқомат қилувчи, «Умар Шамс Файз» хусусий корхонаси раҳбари Шамшир Умаровдан таҳририятимизга қонуний ҳуқуқларига дахл қилинаётгани борасида мурожаат келиб тушди ва Kun.uz мухбири мурожаатни жойига чиқиб ўрганди.
Яқинда президент қарори билан республика бўйсунувидаги шаҳарчага айлантирилган Шарғунда айни пайтда кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. 1973 йилда ташкил этилган шаҳарчанинг кўчалари кенгайтирилмоқда. Янги турар жойлар барпо этилмоқда, мавжудлари таъмирланиб, муҳандислик коммуникация тармоқлари ўтказилмоқда.



Жумладан, Ш.Умаровга тегишли, Шарғун шаҳарчасининг Боғ кўчаси 90-уй манзилида жойлашган дўкон ҳам бузилиб, уларнинг бир қисми кенгайтирилаётган йўл учун давлат ихтиёрига ўтказилмоқда.

«Мен тадбиркорлигимни йўлга қўйиш учун «Саноатқурилишбанк» Шарғун бўлимидан катта миқдорда кредит олганман. Менга йўлни кенгайтириш учун давлат ихтиёрига олинаётган жойим эвазига ҳеч қандай компенсация тўланмаяпти ёки бошқа ер майдони берилмаяпти. Боз устига банк гаровга қўйилган дўконим бузилгани учун янги гаров талаб қилмоқда. Менда гаровга қўядиган бошқа нарсанинг ўзи йўқ.

Айни пайтда мен орқадаги ҳовлимдан айрим хоналарни мослаштириб, бутунлай касод бўлмаслик учунгина савдо дўконимни юритиб турибман. Лекин рости, жуда қийналяпман.

Менинг тасарруфимдаги жойда эса ҳокимлик тасдиқлаган фасад бўйича икки қаватли дўкон тиклашим ҳам керак экан. Ўзи эски дўкон ўрнидан 3,7 метр кенгликда жой қолди. У ерга икки қаватли дўкон тиклаб бўладими? Яхшиямки дўконнинг орқа тарафида ҳовлим жойлашган. Мен ҳовлимни қисқартириш эвазига дўкон ҳам тикларман. Лекин бунинг учун менга Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил №97-сонли қарори талабларига кўра, давлат ихтиёрига ўтаётган жойим эвазига компенсация тўлаб беришини талаб қиламан.




















