Спорт | 14:59 / 27.06.2019
11773
2 дақиқада ўқилади

Бахтиёр Ашурматов «Сурхон» бош мураббийи этиб тайинланди

Фото: Tribuna.uz

Таниқли мураббий Бахтиёр Ашурматов «Сурхон» клуби бош мураббийи этиб тайинланди.

Клуб матбуот хизмати хабарига кўра, бу ҳақда бугун, 27 июнь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари йиғилишда маълум қилинган.

Мажлисни «Сурхон» клуби бош директор ўринбосари Алишер Рустамов очиб берган. Унда жамоанинг барча аъзолари иштирок этган.

«Менга билдирилган ишонч учун авваламбор «Сурхон» футбол клуби раҳбариятига ўз миннатдорчилигимни билдираман. Ишонаманки, биз бир оила бўлиб шаклланиб, фақат юқори мақсадлар сари интиламиз», – деган Ашурматов.

Бахтиёр Ашурматов куни кеча бу лавозимдан истеъфога чиққан Андрей Микляевнинг ўрнини эгаллади.

Эслатиб ўтамиз, Ашурматов ўтган мавсумда Олмалиқнинг ОКМК клубини Ўзбекистон кубоги ғолиблиги сари бошлаб борган эди. Шундан сўнг декабрда «Бухоро» бош мураббийи қилиб тайинланган ва июль ойи бошида қониқарсиз натижалар туфайли ишдан бўшатилган эди.

Термиз шаҳри жамоаси Суперлигада мавсумнинг биринчи ярмини кучли учликда якунлаши мумкин. Бунинг учун жамоа 29 июнь, шанба куни «Насаф» майдонидан мағлубиятсиз қайтиши керак.

Қаршидаги ўйин соат 20:00да бошланади. Уни Темур Тўхтасинов бошқариб боради. 

Мавзуга оид