Бугун, 27 июнь — Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони асосида бир гуруҳ матбуот ва ОАВ ходимлари мукофотланди.
Президент табриги матни президент спичрайтери томонидан ўқиб эшиттирилди. Журналистлар ва блогерларга мукофотлар Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов томонидан топширилди.
«Қадрли дўстлар!
Аввало сиз, азизларни касб байрамингиз – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Сизларга ўзимнинг самимий ҳурматим, эзгу тилакларимни билдириб, машаққатли ва олижаноб фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман.
Барчамизга яхши аёнки, матбуот, оммавий ахборот воситалари иши ҳамма замонларда ҳам оғир ва масъулиятли бўлган. Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда бу масъулият янада кучаймоқда.
Бугунги кунда дунё шиддат билан ўзгармоқда. Барча соҳалар каби ахборот олиш ва уни етказиш, таъсирчан жамоатчилик фикрини шакллантириш борасида ҳам рақобат кескин тус олмоқда. Бундай мураккаб шароитда ҳаёт янги-янги талаб ва вазифаларни олдимизга қўймоқда.
Шуларнинг барчасини ҳисобга олиб, мамлакатимизда оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳага оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, миллий медиа маконда турли мулк шакли ҳамда сиёсий-ижтимоий йўналишдаги оммавий ахборот воситаларининг эркин фаолият кўрсатиши учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Глобал тармоқда Uz доменли веб-сайтлар, ахборот порталлари сони тобора кўпайиб, улар турли тилларда иш юритмоқда.
Янгича шароитда ахборот соҳасидаги давлат сиёсатини самарали амалга ошириш мақсадида собиқ Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги негизида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилганидан хабарингиз бор.
Ушбу агентлик томонидан оммавий ахборот воситалари фаолиятини мувофиқлаштириш, журналистларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хорижий медиа компаниялар билан ҳамкорликни кучайтириш, чет эл веб-ресурслари ва сайтларидан тўлиқ фойдаланиш имкониятини яратиш, бир сўз билан айтганда, ахборот майдонидаги фикрлар хилма-хиллигини таъминлашга қаратилган қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Маълумки, ҳозирги кунда тобора тезкор ва кўптармоқли соҳага айланиб бораётган оммавий ахборот воситалари учун глобал медиа маконда кескин рақобатга дош бера оладиган, фаол гражданлик позициясига эга замонавий кадрлар тайёрлаш олдимизда турган энг муҳим вазифадир. Ана шу заруратни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилган Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети анъанавий билим ва кўникмалар билан бирга, инновацион тафаккур, соҳага оид технологияларни, хорижий тилларни пухта эгаллаган кадрлар тайёрлаш бўйича республикамиздаги етакчи олий таълим муассасасига айланади, деб ишонамиз.















