Ўзбекистон | 17:57 / 29.06.2019
6794
3 дақиқада ўқилади

Тошкент иссиқ сув магистрал тармоқлари таъмирланишидан йўлларга етказилаётган салбий оқибатлар қачон барҳам топади? 

Тошкент кўчалари остидаги магистрал иссиқ сув қувурларини алмаштириш натижалари видеотасмаларга қайд қилинмоқда ҳамда махсус комиссия ишлар сифатини жиддий назоратга олган. Тошкент шаҳар ҳокимлигида ОАВ вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда шу ҳақда маълум қилинди, деб бермоқда Kun.uz мухбири. Ҳокимлик расмийлари журналистнинг қуйидаги саволига батафсил жавоб қайтаришди.

-  Гувоҳи бўлаётганимиздек, «Тошиссиққуввати» корхонаси шаҳар кўчаларида қувурларни алмаштириш ишларини олиб бормоқда. Бироқ, шу вақтгача, таъмирлаш ишлари олиб борилгач, тошларнинг етарли тўлдирилмаслиги оқибатида, асфальт қилинган йўл қисми чўкишига кўп бора шоҳид бўлганмиз. Бу ҳолатлар қачон барҳам топади? 

«Ҳақиқатдан ҳам шаҳарнинг асосий катта йўлларида кузги-қишки мавсумга тайёргарлик ишларини амалга оширамиз. Таъмирлангач, йўлларнинг янги асфальт қилинган жойларида чўкиш ҳолатлари, сифатсиз бажарилишига оид камчиликлар бор эди. 

Ҳозирда, янги тизимни йўлга қўйдик. Биринчи навбатда, алмаштирилаётган қувурларнинг қандай ҳолатда эканини текшириб, назоратдан ўтказиб, видеоқайдлар қиляпмиз. Бугунги кунда шаҳарда 37та кўчада қувурларни алмаштириш ишлари олиб борилаётган бўлса, ҳокимлик томонидан ўрганишлар олиб борилгач, 7тасида, шундан 5таси Кичик халқа йўлида, камчилик қайд этилиб, ишларни қайтадан бажариш топшириғи берилди, қайтадан асфальт ётқизилди. Келгусида ҳам шу йўналишда иш олиб борилади», - деди Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Бахтиёр Раҳмонқулов.

Унинг таъкидлашича, илгарилари кўчалар асфальт қилингач, «Тошиссиққуввати» ёки «Сувоқова» корхонаси келиб, йўлни ковлаб, қувурларни алмаштириш ишларини олиб боришлари халқнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлаётганди. Эндиликда, асфальт қилувчи ташкилотлар коммунал хизматлар билан ҳамкорликда ишламоқда. Асфальт ётқизилишидан аввал, йўллардаги коммуникация тармоқларининг аҳволи ўрганиб чиқилиб, уларни алмаштириш талаб қилинса, алмаштирилиб, кейин асфальтлаш ишлари бажарилмоқда. Бу эса, мазкур кўча таъмирига 10-15 йил қайтмаслик имконини бермоқда. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид