Яхши янгиликдан бошлаймиз: босим тушиши — нохуш ҳолат, аммо кўп ҳолларда хавфли эмас. Бироқ гипотония хуружларига эътиборсизлик қилиш ҳам мумкин эмас.
Қон босими тушиши нима ва у қай ҳолатда хатарли
Ёдда тутинг, чегаравий босим 90/60. Тонометр шу ёки бундан баланд даражани кўрсатса, демак, ҳаммаси жойида. Аммо у ёки бу сон камайса, ёхуд иккисида ҳам пастлаш кузатилса, бу қон босими тушиб кетаётганидан дарак беради.
Муҳим бўлган кичик фарқ мавжуд. Қон босими кўтарилиши ҳамма учун бирдек таҳликали бўлса, босим пасайиши организмнинг ўзига хос хусусияти бўлиши ҳам мумкин. Агар у дармонсизлашиш билан бирга келмаса, саломатликдаги бузилиш деб ҳисобланмайди, у билан курашиш шарт эмас.
Унга қўшимча тарзда қуйидаги аломатлар кузатилса, огоҳ бўлиш лозим:
- ҳолсизлик;
- бош айланиши, ўзини ташлаб юборадигандек ҳиссиёт;
- кўз хиралашиши;
- кўнгил айниши;
- қалтираш;
- терлаш ортиши;
- диққат сусайиши.
Бу ҳолатлар ҳаёт тарзига жиддий таъсир кўрсатади, ишлаш ва мулоқотга киришишга халақит беради. Лекин энг асосийси: нохуш аломатлар билан бошланган босим тушишининг ўзи ҳам бошқа касалликнинг шунчаки аломати бўлиши мумкин.
Артериал қон босими пасайиши сабаблари турли хил: оддий сувсизланиш ва стрессдан тортиб то гормонал бузилишлар, ички қон кетиш ва миокард инфарктигача.
Даволашни бошлашда айнан қайси касаллик гипотонияга омил бўлганини аниқлаштириш зарур. Асосий хасталикка лозим бўлган чоралар кўрилганидан сўнг, қон босими ўз-ўзидан меъёрий ҳолатга қайтади.
Қачон тез тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак?
Ўзингизда ёки ёнингиздаги одамда босим пасайиши ва қуйида келтирилган белгилар учраса, зудлик билан тез ёрдам чақиринг:
- совуқ, ёпишқоқ, ранги ўчган тери;
- тез саёз нафас олиш;
- кучсиз ва тез юрак уриши;
- ўзини ушлаб туролмаслик.
Булар кучли артериал гипотензия (коллапс, шок) аломатлари ҳисобланади. Бу ҳолат ҳаёт учун хавфлидир, мия ва ички органлар гипоксиясига олиб келиши мумкин. Шу сабабли тез тиббий ёрдамни кечиктириш мутлақо мумкин эмас.















