Спорт | 11:50 / 01.07.2019
4908
2 дақиқада ўқилади

Годин «Интер»га ўтди

Уругвай миллий жамоаси ҳимоячиси Диего Годин эркин агент сифатида Миланнинг «Интер» клуби сафига ўтди. Бу ҳақда итальян клуби расмий сайти маълум қилди.

33 ёшли футболчи билан 3 йиллик шартнома тузилган.

COPE радиосининг хабар қилишича, Годин янги жамоасида йилига 6,75 млн евро маош олади. Бу унинг собиқ жамоаси «Атлетико»даги маошидан 35 фоизга кўпроқ, «нерадзурри» футболчилари орасидаги энг юқориси демакдир.
 

Годин 2010 йилдан буён «Атлетико»да тўп суриб келаётганди. У Мадрид жамоаси билан Испания чемпиони бўлди, мамлакат кубогини қўлга киритди, икки марта Европа лигасида, уч марта УЕФА Суперкубогида ғалаба қозонди; шунингдек, Испания Суперкубогида ғолиб бўлди. У жамоа билан икки марта Чемпионлар лигаси финалида ўйнаган, аммо икки сафар ҳам «Атлетико» «Реал»га ютқазган. Годин «матрасчилар» жамоаси сафида жами 277 ўйин ўтказган ва  17 гол урган.

Эндиликда у А Сериянинг ўтган мавсумида энг кам гол ўтказиб юбориш бўйича иккинчи бўлган клубнинг ҳимоя чизиғини янада мустаҳкамлайди.

Қўшимча қилиш жоиз, Годин шу йил март ойида Уругвай миллий жамоасидаги 126-ўйинини ўтказган ва бу борада терма жамоа рекордчисига айланган эди. Куни кеча уругвайликлар Копа Америка чорак финалида Перудан пенальтилар сериясига кўра ютқазиб, мусобақани тарк этди.

Мавзуга оид