Мексикалик қиличбоз Лара Плиего Паола Ўзбекистон фуқаролигини олди ва эндиликда халқаро мусобақаларда Ўзбекистон номидан қатнаша бошлайди. Бу ҳақда у Twitter микроблогида маълум қилган, деб хабар бермоқда Tribuna.uz

24 ёшли атлет бундай қарорга келишини Мексика Олимпия Қўмитасидаги коррупция ҳолати билан изоҳлаган.

Айни пайтга келиб, Халқаро Қиличбозлик Федерацияси расмий сайтида Паола Ўзбекистон фуқароси сифатида кўрсатилган.

Tribuna.uz`нинг мамлакат спортидан бохабар манбаси яқинда бир мураббий ва уч нафар хорижлик спортчига халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилиши учун фуқаролик берилганини тасдиқлади.

Манбага кўра, Лара Плиего Паола 2019 йилги Жаҳон кубогида Ўзбекистон номидан қатнашади.

Плиего 2016 йилги Рио Олимпиадасига қадар халқаро миқёсда қатор ютуқларга эришиб келган, аммо Бразилия пойтахтига жўнаб кетишига уч кун қолганда допинг билан боғлиқ муаммо туфайли олимпия ўйинларида қатнаша олмай қолган.

Wikipedia маълумотига кўра, Мехикода туғилган Плиего 2013/14 мавсумини Халқаро Қиличбозлик Федерацияси (FIE)нинг ёш саблячилар рўйхатида 150 очко билан биринчи ўринда якунлаган, ўша мавсумда ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган. Яъни Паола ўз вақтида сабля йўналишида аёллар ўртасида жаҳоннинг биринчи рақамли ёш қиличбози эди.

2014/15 мавсумида Паола Плиего Сателлит турнирида кумуш медални қўлга киритган. 2015 йилги Пан Америка чемпионатида бронза, жамоавий баҳсларда эса кумуш медаль соҳибаси бўлган.