Ўзбек қиличбозлигининг забардаст вакили, Олимпиада совриндори, жаҳон чемпиони Собир Рўзиев 73 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар берди.
Собир Рўзиев Москва-1980 ёзги Олимпия ўйинларида кумуш медал, жаҳон чемпионатларида 2 та олтин, 1 тадан кумуш ва бронза медаллари соҳиби бўлган.
Фаолияти давомида Ўзбекистон Республикаси Давлат жисмоний тарбия ва спорт қўмитаси раиси, Миллий олимпия қўмитаси раиси, Қиличбозлик федерацияси президенти лавозимларида ишлаган. “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи” фахрий унвони билан тақдирланган.









