«Artel» савдо белгиси ишлаб чиқарувчи корхоналар монополистми, улар солиқ имтиёзларига эгами? Журналист Карим Баҳриевнинг Kun.uz сайтида эълон қилинган «Монополлар, протекционизм ва лоббистлар парвози. Иқтисодиётдаги офатлар ҳақида» сарлавҳали мақоласида ана шундай иддаолар илгари сурилган эди.

«Артел вакиллари ушбу масалага ойдинлик киритиш мақсадида мақола муаллифини ва Kun.uz сайти вакилини кичик пресс-турга таклиф этди. «Artel injenering and management» МЧЖ директори ўринбосари Дилшод Рўзметов интервью давомида компания фаолияти ҳақидаги маълумотларни тақдим этди. 

YouTube

Tas-IX

— Ассалому алайкум, Дилшод ака. Биз «Artel» бренди остида фаолият олиб бораётган корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида гаплашишни режалаштирган эдик. Биринчи саволимиз шуки, «Artel» монополистми?

— Бугунги кунда «Ўзи Artel компанияси қаердан пайдо бўлган?», «Artel қачон пайдо бўлган?» деган ҳар хил саволлар бор. Турли хил нашрларда компанияни монопол ташкилот сифатида атаб, нотўғри талқин қилишмоқда. «Artel» компанияси 2011 йилда ташкил топган. Компаниямиз бошида ишни маиший ошхона плиталари ҳамда чангютгичлар ишлаб чиқариш асосида амалга оширган бўлса, бугунги кунда 15 турдан ортиқ маиший техника воситаларининг 500га яқин моделини ишлаб чиқаришни йўлга қўйганмиз. Йиллик ишлаб чиқариш ҳажми 4,5 млн дона маҳсулотга тенг.

Саволингизга тўхталадиган бўлсак, «Artel» монопол ташкилотми?

Ўзи монополия тушунчаси қаердан келиб чиқади? Маълум бир ҳудудда қонуний ёки ноқонуний йўллар билан бирор мавқени эгаллаган ҳолда ўзига хос бўлган, ўзи билан турдош турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи компанияларга йўл бермасдан, уларга турли ноқонуний йўллар билан тўсқинлик қилинишига монополия дейилади. Лекин бугунги кунда Ўзбекистон маиший техника бозорини таҳлил қиладиган бўлсак, бозорда «Artel» бренди остидаги маҳсулотлардан ташқари, «Roison» бренди бор. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан «Sirius», «Konik», «Comfort», «Udur»... Буларни санаса 20дан ортиқ турдаги маиший техника ишлаб чиқарувчи корхоналар мавжуд ва улар ҳам биз билан биргаликда бозорда рақобат қилмоқда ва бозорда ўз харидорларига эга бўлмоқда. Демак, Ўзбекистонда маиший техника маҳсулотларини фақат артел етказиб бермайди. Бугунги кунда бозорда бир маҳсулотни ишлаб чиқараётган 20дан ортиқ ишлаб чиқарувчи мавжуд.