ЮНЕСКО ташкилотининг музейлар фаолияти, археология ва маданият сиёсати бўйича катта халқаро маслаҳатчиси Стюарт Гибсон Шаҳрисабз ва Самарқанд шаҳарларига Умумжаҳон мероси рўйхатидан чиқариб юборилиши таҳдид солаётгани билан боғлиқ вазият бўйича Kun.uz мухбири саволларига жавоб берди.
Эслатиб ўтамиз, 2 июль куни ЮНЕСКО ҳузуридаги Умумжаҳон мероси қўмитаси Боку шаҳридаги 40-сессияси ҳисоботида Шаҳрисабзнинг тарихий маркази Умумжаҳон меросининг «хавф остидаги» объектлар рўйхатида қолдирилиши қайд этилганди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрининг тарихий марказида барпо этилаётган кўпқаватли янги бинолар маданий қийматга эга тарихий биноларга зарар етказаётгани туфайли, Самарқанднинг тарихий қисми Умумжаҳон мероси рўйхатидан ўчирилиши мумкинлиги ҳисоботда таъкидлаб ўтилган эди.
Дастлаб Стюарт Гибсон Шаҳрисабзнинг тарихий маркази Умумжаҳон меросининг «хавф остидаги» объектлар рўйхатида қолдирилганига изоҳ берди.
«Мен ЮНEСКО номидан расмий фикр билдира олмайман, чунки фақат маслаҳатчи бўлиб ишлайман холос», - деб сўз бошлади Гибсон.
«Лекин ЮНЕСКО икки йил ичида вазиятни ўрганиб, албатта бу масалада бир қарорга келади. Шаҳрисабз Умумжаҳон мероси рўйхатида қолдирилиши ҳам, рўйхатдан чиқариб юборилиши ҳам мумкин. Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, ЮНEСКО тарихий шаҳарларни рўйхатдан чиқариб юборишдан манфаатдор эмас. Аммо ташкилотнинг ўз тартиб-қоидалари ҳам бор. Шу сабабдан бу ҳар бир мамлакат мисолида алоҳида ўрганиб чиқилади. Кўп ҳолларда бу ўша давлатлар томонидан қилинаётган ишлар, ёдгорликлар атрофидаги вазиятга боғлиқ», - деди Гибсон.
Стюарт Гибсон Шаҳрисабз ва Самарқанднинг ЮНЕСКО рўйхатида қолиши учун нималар қилиниши керак деган саволга жавоб бериш ўз ваколатига кирмаслигини айтди.
«Очиғини айтсам, бу саволга жавоб беришдан ожизман. Чунки бунга масъул одамдан изоҳ олиш керак. Бу масалада ЮНEСКОнинг Тошкентдаги вакили билан суҳбатлашиш керак. У саволингизга аниқ жавоб беради», - деди у.
Шунингдек, Гибсон Шаҳрисабз ва Самарқанднинг ЮНЕСКО рўйхатидан чиқарилиши Ўзбекистон учун салбий оқибатларни келтириб чиқаришини айтди.

















