Ўзбекистон | 11:45 / 07.07.2019
31824
2 дақиқада ўқилади

Рустам Ражабов: Uzauto Motors сабабли 1 миллионга яқин одам тирикчилик қилмоқда

Фото: ravon2.ru

Uzauto Motors компанияси ташкил этилган 1996 йилда 2500 киши ишлаган бўлса, бугунги кунда бу рақам 10 600 кишини ташкил этмоқда. Компания билан ҳамкорлик қилувчи, бутловчи ва эҳтиёт қисм етказиб берувчи корхоналарни кўшиб ҳисоблаганда бу рақам 26 мингдан ошади. Компания бош директори в.б. Рустам Ражабов Асака автомобиль заводига уюштирилган пресс-тур доирасида шундай маълумотлар билан ўртоқлашди.

«1996 йили Асака автомобиль заводи ишга туширилган 2 минг 500 киши ишлаган. Бугунги кунда 10 мингдан ортиқ инсон хизмат қилмоқда. Бизга боғланган ишчилар сони эса, 26 мингга етди. 

Завод пайдо бўлганда 4та корхона бутловчи қисмлар етказиб берувчи бўлган бўлса, ҳозирда 175та корхона бизнинг компаниямиз эҳтиёжлари учун ишламоқда. Яна кичикларини ҳам ҳисобга олганда тахминан 200та корхона Uzauto Motors компаниясига маҳсулот етказиб беради.

Бу нимадан далолат. Ҳукуматнинг ёрдами ва бизга берилган ва мавжуд бўлиб турган имтиёзлар туфайли улкан ишлар бажарилди, бизда ноёб технологиялар пайдо бўлди. Тошкентда мотор заводи қурилди. Россия ҳозиргача бирорта замонавий двигатель заводини қура олгани йўқ. Тўғри уларда, ГАЗ, АвтоВАЗ мотор заводлари бор, бироқ улардаги технологиялар ўтган асрники.

Бундан ташқари, 26 минг киши бу бевосита заводлар ҳудудларида ишлайдиганлар сони. Билвосита ишловчилар сони тахминан 100 минг киши. Агар бу рақамни мультипликатор орқали ҳисобласак, биз сабабли тахминан 1 млн киши тирикчилик қилмоқда», - деди Uzauto Motors компанияси бош директори в.б. Рустам Ражабов.

Мавзуга оид