Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов  илм-фандан ишлаб чиқаришга кириш, фан ютуқлари ва тармоқ фаолиятини интеграция қилиш масаласида ўз муносабатини билдирди.  

Халқаро пресс клубнинг Фанлар академияси фаолиятига алоқадор масалаларига бағишланган навбатдаги сессиясида саволларга жавоб берган вазир илмий тадқиқот институтларининг ачинарли ҳолга келиб қолганини таъкидлаб, бунинг сабаби ишга бўлган муносабат билан боғлиқ эканлигини айтди.

«Муносабатни ўзгартирмас эканмиз, ҳар қанча маблағ берсак ҳам, моддий-техник базани яхшиласак ҳам, бу нарса ўзгармайди. Муносабат деганда, илмни инновацияга айлантиришга бўлган муносабатга кўпроқ урғу бермоқчиман. Шу пайтгача илмни инновацияга айлантириш билан шуғулланмадик. Кўпроқ кашфиётлар, мақолалар билан шуғулландик. Бугун шу муносабатни ўзгартирмас эканмиз, илмий натижаларни инновацияга, яъни маблағга айлантиришга ўзимизни бағишламас эканмиз, бунда ўзгариш бўлмайди», — дейди у .

Шундан кейин, у ўтган вақт мобайнида қилинган ишлар ҳақида гапириб, илмий ишланмаларни молиялаштириш масаласига ҳам тўхталди.

«Иккинчидан, биз илмни маблағга айлантириб, унинг натижасини ўзимиз кўрганимиз йўқ. Яъни рағбатни ҳали сезганимиз йўқ эди. Биз Фанлар академияси олимлари билан Президентимизнинг ўтган йилги ПҚ-3855 қарорлари асосида илмни инновацияга айлантириш, яъни тижоратлаштиришнинг қонуний базасини яратдик. Унда ҳар бир яратилган ишланмани тижоратлаштирилгандан кейин кўрилган фойданинг 40 фоизи олимнинг ўзига, 30 фоизи унинг жамоасига бериладиган бўлди. Бу жуда катта имконият. Шунингдек, илгарилари институтларда илмий ишланмалар атрофида бирорта корхона тузиш имкони йўқ эди. Ҳозирда бунга имконият пайдо бўлди. Учинчидан, қарор билан белгилаб берилдики, олим-тадбиркор-банк учлиги яратилди. Шу йўл билан инновация компаниялари тузиш олдимизга қўйилган. Ҳозирга келиб Фанлар академиясининг қатор институтлари билан 62та ишланмаларни тижоратлаштиришни йўлга қўйяпмиз ва бу бўйича 19та инвестицион компанияларни ишга тушириб юбордик. Бу, албатта, ишнинг бошланиши, йил охиригача бу каби инновацион ишланмаларни юзтага етказиш олдимиздаги вазифалардандир», — дейди Иброҳим Абдураҳмонов.

Унинг таъкидича, олимлар бу рағбатни сезгандан сўнг муҳит ўзгаради.